Лимончиликда Чироқчи мактабини яратган аёл

14:13 10 Март 2023 Жамият
590 0

Фото: Халқ сўзи

Чироқчи туманидаги Чоршанбе қишлоғи ҳудуди пастқам адирликлару яйдоқ далалардан иборат. Оқар сув йўқ. Бу ерларда деҳқончилик қилиш, боғ яратиш осон иш эмас. Бироқ мана шу яйдоқ далаларда ҳам лимон, апельсину мандаринлари кўзни яшнатадиган ҳақиқий тропик боғ барпо этиш мумкин экан. Бунинг учун иштиёқ, мақсад ва қатъият зарур.

Чоршанбелик 71 ёшли онахон Тожихол Бекмуродованинг иссиқхонасидаги манзарани кўриб, бунга ўзингиз ҳам амин бўласиз.

Йигирма икки йил мактабда ўқитувчилик қилганман, - дейди Тожихол ая. – Бошқа вилоятлардаги қариндошларимникига меҳмонга борганда уларнинг иссиқхоналарини кўриб, менда ҳам шу ишни йўлга қўйиш режаси пайдо бўлди. Бу пайтда фарзандларим улғайиб, ёнимга кириб қолишганди. Улар ҳам режамни қўллаб-қувватлашгач, ишни бошлаб юбордик.

Тожихол Бекмуродованинг айтишича, бошида бу қақроқ адирлар бағрида иссиқхона қуриб, мева-сабзавот етиштириш мумкинлигига кўпчилик ишонмаган. Бу ишдан натижа чиқмаслиги, қилинган сарф-харажат ҳавога учишини айтганлар ҳам кўп бўлган. Бироқ ўз мақсади сари қаттиқ интилган аёл бир гектар майдонда ертўла усулидаги йирик иссиқхонани барпо этиб, у ерга минг тупга яқин лимон, апельсин ва мандарин кўчатларини ўтқазади. Экинларни ер ости суви билан суғориш тизимини йўлга қўяди.

— Ҳозир барча кўчатларимиз тўлиқ ҳосилга кирган, — дейди Т. Бекмуродова. — Йилига 20-25 тонна ҳосил оляпмиз. Бундан ташқари чорвачилик ҳамда очиқ майдонда полиз ва сабзавот экинларини етиштириш билан шуғулланамиз. Фарзандларим, қиз-келинларимнинг барчаси ўзимизнинг томорқада меҳнат қилишади. Албатта, шунга яраша яхшигина даромад ҳам топамиз. Янги уй-жойлар қурдик, тўйлар қиляпмиз, машиналар оляпмиз, буларнинг барчаси меҳнатимиз ортиданда.

Тожихол Бекмуродова гап орасида тўрт йил аввал бир дона шафтоли кўчатини олиб келиб, синов учун иссиқхона шароитида парваришлаб кўрганини айтиб қолди. Аянинг таъкидлашича, бу тажриба яхши натижа бериб, «ёпиқ томорқа»даги шафтоли анча эртачи, жуда сифатли ҳамда мўл ҳосил берибди. Бундан руҳланган ташаббускор аёл энди яна бир гектарлик иссиқхона барпо этиб, ёпиқ шароитда шафтоли етиштиришни ҳам йўлга қўймоқчи.

Эътиборли жиҳати, Тожихол Бекмуродованинг иссиқхонадан яхши даромад олаётганини кўриб, кўпчилик ҳамқишлоқлари, таниш-билишлари ҳам бу ишни йўлга қўйишмоқда. Бошқа маҳаллалардан келиб онахондан маслаҳат сўрайдиган, ундан иш ўрганиб кетаётганларнинг эса сон-саноғи йўқ.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер