Латиф шаҳар янада чирой очмоқда

22:31 12 Апрель 2022 Жамият
1160 0

Фото: Халқ сўзи

Маълумки, шу йилнинг сентябрь ойида Қўқон шаҳрида II Халқаро ҳунармандчилик фестивали ўтказилиши режалаштирилган. Айни пайтда кўҳна тарих ва замонавий тараққиёт мезонларини ўзаро уйғунлаштирган латиф шаҳарда нуфузли фестивалга тайёргарлик ишлари тобора кенг қулоч ёзмоқда.

2019 йили ўтказилган илк фестивалда дунёнинг 70 дан зиёд мамлакатларидан халқ амалий санъати усталари иштирок этган, Қўқон Бутунжаҳон ҳунармандлар шаҳарлари рўйхатига киритилган эди.

— Фестивалга тайёргарлик кўриш дастури доирасида 64 миллиард сўм маблағ ажратиш кўзда тутилган бўлиб, ушбу жараёнда маданий мерос объектларини таъмирлаш ва реставрация қилиш, муҳандислик-коммуникация тизимларини янгилаш, йўлларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, гастрономик кўча ташкил этиш ишлари бажарилади, — дейди Қўқон шаҳар ҳокими ўринбосари Шерзод Деҳқонов. — Зиёрат туризмини ривожлантириш мақсадида 14 та обида – Худоёрхон ўрдаси, Жоме мажмуаси, Норбўтабек, Дастурхончи, Миён Ҳазрат мадрасалари, Даҳмаи Шоҳонни таъмирлаш кўзда тутилган. Ҳозирги кунда Яланғоч ота, Қирқ кокилли ота зиёратгоҳлари ободонлаштирилмоқда. Қўқон маданий қўриқхонаси таркибига кирувчи Тепақўрғон мажмуасида Ашурали Зоҳирий музейини ташкил этишга киришилган.

Шаҳардаги Адабиёт музейи, Муқимий ҳужра-музейи, Ҳамза уй-музейи жойлашган Истиқлол, Тароқчилик кўчалари таъмирланади, туризм объектларига олиб борадиган кўчаларга қўшимча безаклар ўрнатилади. Бодомзор куну тун фаолият кўрсатадиган гастрономик кўчага айлантирилади. Фурқат боғининг янги лойиҳаси бўйича чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Шунингдек, шаҳарнинг 27 та кўчасида мавсумий гуллар экиляпти. Дунёнинг турли ҳудудларидан эман, лола, каштан, оқ қайин, ҳинд настарини сингари ноёб манзарали дарахтлар кўчатлари ўтқазилмоқда.

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер