Лалми тарвузлари билан машҳур Шўрқудуқ

14:41 22 Октябр 2024 Жамият
447 0

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ/«Халқ сўзи». Кўкдала туманининг Шўрқудуқ қишлоғи Самарқанд вилояти билан чегарадош ҳудудда, пастқам адирликлар бағрида жойлашган. Сўнгги йилларда шўрқудуқлик деҳқонларнинг лалми тарвуз етиштириши, уни табиий усулда узоқ муддат сақлаш тажрибаси орқали қишлоқ номи кўпчиликнинг тилига тушмоқда.

Айни пайтда ҳудуд деҳқонлари лалмикор далалардаги тарвуз ҳосилини йиғиб, уни саранжомлаш билан банд. Шу қишлоқлик нафақадаги ўқитувчи Бобомурзо Яхшибоевни ҳам далада, иш устида учратдик. Узоқ йиллар давомида ҳудуддаги мактабда ўқувчиларга математика фанидан дарс берган муаллим бугун фарзандлари, невараларига бош бўлиб, уларга ҳосилни йиғиш ва аҳоли «табиий музлаткич» деб атайдиган ертўлаларга жойлаштиришга кўмаклашаётган экан.

– Қишлоғимизда лалми тарвуз етиштириш бир неча асрлардан буён давом этиб келмоқда, – дейди у. – Боболаримиз ҳам шу адирларга кетмонда ишлов бериб, тарвуз эккан. Бугун имконият катта. Техникалар ёрдамида бир хўжалик 10-15 гектаргача лалми тарвуз экиб, 40-50 мингта сара тарвуз олмоқда.

Деҳқонларнинг айтишича, лалми ерларда тупроқ унумдорлигини сақлаш учун алмашиб экиш тизимига қатъий риоя қилиш даркор. Масалан, фермер хўжаликлари бир йил экин экилган майдони келгуси йил, албатта, дамга қолдиради. Етарли куч тўплаши учун ерни кеч куз ёки эрта баҳорда шудгорлаб, келгуси мавсумга тайёрлаб қўйиш лозим. Ана шу вақт оралиғида бу ерда лалми тарвуз етиштириш мумкин. Боз устига, у ушбу полиз экини ернинг кучини олмайди. Аксинча, тупроқ унумдорлигини оширади. Шу боис бу фаолиятдан фермер хўжаликлари ҳам манфаатдор.

Яна бир жиҳати, лалмикор тарвуз етиштириш катта сарф-харажат ва меҳнат талаб қилмайди. Масалан, лалми тарвузлар уруғи об-ҳаво шароитига қараб, май охирлари ёки июнь бошларида экилади. Экин униб қулоч ёзиб қолгач, бир маротаба тагини юмшатиб чиқилади. Бор меҳнати шу. Сентябрь охири, октябрь бошларига бориб, ҳосилни йиғиб олаверасиз. Ҳар гектар ердан уч-тўрт минг донагача тарвуз олиш мумкин.

– Бу тарвузлар сувсиз, ўғитсиз етиштирилгани боис таъми ниҳоятда ширин, – дейди Бобомурзо Яхшибоев. – Ҳар йили икки-уч мингтагача сара тарвузни келгуси йилнинг апрель, май ойларига қадар сақлаб, ички бозорга етказиб берамиз.

Қишлоқ одамлари тарвуз сақлашда фойдаланаётган ертўлалар бўлди. Ертўла деганимиз адирлик бағридан қўл кучи билан қазилган, энини 3, баландлиги 2-2,5, 40-50 метргача ғорсимон иморат. У ер сатҳидан 40-50 метр пастликда жойлашган. Шу боис ёзда совуқ, қишда илиқ бўлади. Қисқа қилиб айтганда, қўлбола табиий «совутгич». Бу ерда узоқ сақлашга мўлжалланган ҳар қандай қишлоқ хўжалик маҳсулотини сақлаш мумкин.

Айни пайтда қишлоқдаги ертўлалар бирин-кетин ҳосилга тўлмоқда. Бу ерда сақланаётган тарвузлар қиш, баҳор ойларига бориб ички бозорга етказиб берилади. Ундан келадиган даромад кам бўлмаслигини ҳисобга олсак, ертўладаги тарвузлар тез орада ҳақиқий хазинага айланиши муқаррар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер