Кузда йиғилган ҳосил баҳоргача қайта ишланмоқда
Бир пайтлар Миришкор тумани ҳақида гап кетса, фақат пахта ва ғалла етиштиришга ихтисослашиб қолган, иқтисодий имкониятлари чекланган бир ҳудуд гавдаланарди.
Бироқ сўнгги йилларда туманни ҳар томонлама тараққий эттириш мақсадида бир қатор ижтимоий-иқтисодий дастурлар қабул қилиниб, улар доирасида тизимли ишлар олиб борилдики, натижада Миришкор саноатлашган, йилдан йилга экспорт салоҳияти ошиб бораётган ҳудудлардан бирига айланиб бормоқда. Хусусан, бугун Миришкорга келган киши бу чекка ҳудудда ҳам ўнлаб замонавий ишлаб чиқариш корхоналари қад ростлаганининг гувоҳи бўлади.
Ана шундай қувватлардан бири «Темур ҳамкор пласт» масъулияти чекланган жамиятининг помидорни қайта ишлаш корхонаси ҳисобланади. Умумий қиймати 3,5 миллион долларни ташкил этган корхонада йилига 1,5 минг тона помидорни қайта ишлаб, томат пастаси, помидор шарбати ва кетчуп маҳсулотлари тайёрлаш имкони мавжуд.
— Корхонамиз 2024 йилда ишга туширилган эди, — дейди жамият раҳбари Ўткир Умаров. — Ўтган йилги мавсумдан эса етарли хом ашё захира қилиб, тўлиқ қувват билан ишга киришдик.
Эътиборли томони, корхона томонидан ёз ва кузги мавсумда маҳсулот етиштирувчилардан шартнома асосида қабул қилиниб, дастлабки қайта ишланган хом ашё махсус идишларга жойланган. Бу уни узоқ вақт сифатли ҳамда қулай сақлаш имконини бермоқда.
Қиш ва баҳор ойларида эса захираланган хомашё кейинги босқичда қайта ишланиб, бозор талабидан келиб чиққан ҳолда қадоқланиб, истеъмолчиларга етказиб бериляпти. Натижада корхонанинг барқарор ишлашини таъминлаш билан бир қаторда, маҳсулот таннархининг ошиб кетмаслигини таъминлашга ҳам эришиляпти.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг