Куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари кўздан кечирилди

11:53 22 Октябр 2024 Жамият
269 0

Саминжон ҲУСАНОВ/«Халқ сўзи». Шу кунларда республикамизда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари якунига етди. Хўш, бу борада Андижон вилоятида қандай ишлар амалга оширилди?

Пойтахтдан ташриф буюрган ишчи гуруҳи аъзолари манзилларда бўлиб, аҳолини тоза ичимлик суви, табиий газ ва электр энергияси билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Олтинкўл туманидаги «Марказ» МФЙда жойлашган 13 та кўп қаватли уйларда яшовчи аҳоли табиий газ таъминотидаги узилишлардан қийналиб келаётганди.

– Ҳовлида табиий газ таъминоти мавжуд бўлмаганда унинг муқобил туридан фойдаланиш имконияти бор. Кўп қаватли уйларда бунинг иложи йўқ, – дейди МФЙ раиси Қудратбек Муқимов. – Аҳоли мавсумда кўмир ёқиб, кун кўраётганди. Ишчи гуруҳ хонадонларда бўлиб, аҳоли билан юзма-юз мулоқоти жараёнида бу муаммога ҳам ечим топилди. Ҳозирда 850 метр янги газ қувури тортилмоқда.

Шунингдек, Асака туманидаги «Истиқлол», «Нурафшон», Марҳамат туманидаги «Марказий» МФЙларида ҳам табиий газ билан боғлиқ муаммолар бартараф этилди.

Бу каби саъй-ҳаракатлар электр таъминоти соҳасида ҳам давом этди. Натижада Марҳамат туманидаги 9 та маҳаллада мавжуд муаммолар ижобий ечим топди. Бунга 8,1 км. янги тармоқ тортиш, 2 та трансформатор пунктлари ўрнатиш орқали эришилди. Андижон туманидаги саноат ҳудудида якунига етказилмаган электрлаш жараёни ҳам ишчи гуруҳ ташаббуси қайта жадаллашди. Натижада 7 км. тармоқ тортилиб, 1 та юқори кучланишли подстанция қурилишига киришилди.

Ишчи гуруҳининг Пахтаобод туманидаги фаолияти ҳам самарали кечди. 25 та маҳалланинг мавсумга тайёргарлигини сифатли амалга ошириш мақсадида 30,9 км. электр узатиш тармоқлари тортилиб, 4 та трансформатор ишга туширилди. Балиқчи туманидаги электр подстанциясида олиб борилган тайёргарлик ишлари Улуғнор, Балиқчи туманларида яшовчи аҳолининг электр таъминоти сифати янада яхшиланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер