Курашлардан чарчамаган одам муродига етади

16:29 16 Ноябрь 2022 Жамият
586 0

Фото: Халқ сўзи

Самарқанд тиббиёт институтида ўқиб юрган кезларимда Қарши шаҳрида хусусий клиника очишни ният қилганман. Дўстларимга ниятимни айтганимда бу иш у қадар осон эмаслигини эслатдилар. Аммо ҳеч бир гап-сўз юрагимдаги орзуни сўндира олмади. Барибир ниятимга етаман, деб қатъий ишонардим. Одамнинг юрагида ишонч устувор бўлса, албатта, нияти амалга ошар экан.

Буни мен 2012 йилда Қарши шаҳрида «Доктор-М» хусусий клиникасини очганимдаёқ ҳис қилдим. Аммо қувончим узоққа чўзилмади. Клиника биноси «снос»га тушди ва уни бузиб ташлашди. Устозлар менга «Ҳар қандай муваффақиятсизлик замирида бир ҳикмат бор» дейишган эди. Ана шу сўзлар менга далда бўлди. Вақт ўтиб, яна ўзимни тикладим. 2015 йилда «Невромед шифо маскани» хусусий клиникасини очишга муваффақ бўлдим. 2020 йилда «Неомед медикал-комплекс» кўп тармоқли тиббиёт марказига асос солдим.

Ҳозирги кунда мен раҳбарлик қилаётган 2 та шифо масканида 80 нафар кишининг бандлиги таъминланган. Улардан 12 нафари врач ва 30 нафари ўрта тиббиёт ходимидир. Клиникамизда мураккаб жарроҳлик амалиётлари ҳам ўтказилади. Айниқса, диск чурраси, гинекология йўналишларида шундай амалиётлар тез-тез амалга оширилади. Биласзми, беморлар соғайганида, юзида қувончни кўрганимда танлаган касбимдан, шифокорлигимдан ғурурланиб кетаман.

Яқинда Президентимиз Фармони асосида давлатимизнинг юксак мукофоти – «Шуҳрат» медалига сазавор бўлдим. Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан медални қабул қилиб олар эканман, кўз ўнгимдан босиб ўтган машаққатли ҳаёт йўлим, изтиробларим ва клиника очиш учун чеккан заҳматларим ўтди. Энг муҳими, курашлардан чарчамаган одам, шак-шубҳасиз, ўзи кўзлаган манзилга етар экан. Буни менга юксак мукофот ҳар қадамда эслатиб туради.

 

Жасур МУРТАЗАЕВ,

Қарши шаҳридаги «Невромед шифо маскани» хусусий клиникаси раҳбари, «Шуҳрат» медали соҳиби.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер