«Кундузги қараб туриш» маркази шарофати билан ҳаётга қайтдим»
Икки йилча муқаддам Бухоро туманидаги «Қавола Маҳмуд» маҳалласида яшовчи Аҳтам Ҳамидов соғлигини йўқотиб қўйди. Қўл-оёғи ишламай тўшакка буткул михланиб қолди. Беморнинг аҳволидан хабар топган маҳалла ижтимоий ходими унга «Кундузги қараб туриш» маркази хизматидан фойдаланиш таклифини берди.
— Бир неча ойлик машғулотлар натижасида қўлтиқтаёқда бўлса ҳам, кўчага кириб-чиқадиган, ўз-ўзимни эплай оладиган даражага етдим, — дейди ваучер асосида марказга қатнай бошлаган Аҳтам ака. — Очиғи, руҳан тушкун аҳволда эдим. Турмушимдаги бу ўзгариш мени ҳаётга қайтарди.
Шу тариқа бир юртдошимизнинг эртанги кунга ишончи мустаҳкамланди. Унинг парвариши билан машғул оила аъзолари учун ҳам қулайлик юзага келди. Энди улар иш билан банд бўлишлари, рўзғор каму кўстини тўлдиришлари мумкин.
Аҳтам ака нажот топган марказ тумандаги «Работак» маҳалласида жойлашган. Унда 18 ёшдан катта, парваришга муҳтож фуқароларга хизмат кўрсатилади. Тадбиркор Рўзи Хидиров ташаббуси билан ташкил этилган марказда Япония тажрибаси асосида замонавий парвариш ва реабилитация усуллари амалиётга татбиқ қилинган. Натижада хизмат олувчиларнинг соғлиғида сезиларли ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Тадбиркорнинг таъкидлашича, марказнинг асосий мақсади — парваришлаш ва гуруҳли ретракцион машғулотлар орқали фуқаронинг руҳий ҳолатига таъсир қилиш, уни мустақил ҳаётга тайёрлаш, турмуш сифатини яхшилашдан иборат.
Дарҳақиқат, «Кундузги қараб туриш маркази» Бухоро туманидаги парваришга муҳтож фуқаролар учун янги имкониятлар яратяпти. Замонавий методикалар ва доимий қўллаб-қувватлаш марказ хизматидан фойдаланувчиларнинг соғлиғини яхшилабгина қолмай, уларнинг ўзларига бўлган ишончини ҳам мустаҳкамламоқда.
Зарнигор НАФИДДИНОВА,
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги
Бухоро вилояти бошқармаси матбуот котиби.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг