“Кумуш тола” хирмони юксалмоқда

16:54 22 Май 2023 Жамият
668 0

Фото: Рустамбек Араббоев, «Халқ сўзи»

Айни пайтда республикамиз пиллакорлари учун муҳим палла давом этмоқда. Кеча-ю кундуз тиним билмай қилинган меҳнат маҳсули хирмонларда бўй кўрсата бошлади. Андижон вилоятида 150 минг нафардан зиёд аҳоли айнан шу соҳада меҳнат қилиб, саноат тараққиёти учун пилла хом ашёсини етказиб бермоқда. Жумладан, Андижон туманида 10 минг 271 та хонадонда ипак қурти парваришланяпти. Бунинг учун “Andijann silk CO” МЧЖ томонидан 4 минг 475 қути ипак қурти тарқатилган. Олиб борилаётган самари меҳнатлар натижасида 260 тонна “кумуш тола” йиғиб олиш режалаштирилган.

Шаҳрихон туманилик касаначи Диёрахон Мирзабоева бу йил 10 қути ипак қурти боқди. У яратган хирмон оиласи учун яхшигина даромад келтирди.

- Пунктга олиб келинган ҳар бир килограм пилла учун 32 минг 147 сўмдан ҳақ тўланди,-де  йди у суҳбатда. – Жами 25 млн. сўм даромад топдим. Бир ойлик самарали меҳнатим туфайли деярли бир йиллик фойда ишлаб топдим. Бунга сабаб ипак қурти озуқаси учун етарли шароитнинг мавжудлигида, деб биламан.

Дарҳақиқат, вилоятда пиллачиликнинг асосий   йўналиши бўлмиш тутчиликка этибор йилдан-йилга ортиб бормоқда. Ҳозирда 5 минг 100 гектар майдонда тутнинг Хитой ва Япония давлатларида яратилган навларидан ташқари андижонлик олимлар томонидан маҳаллийлаштирилган бир нечта навлари ҳам парваришланмоқда. Бу борада инвитро лабораторияси фаолияти ўз самарасини бера бошлади.

- Авваллари кўчатлар пайвандлаш ёки уруғи орқали кўпайтирилар эди, -дейди Марҳамат туманидаги “Ипак кўчат” кластери инвитро лабораторияси мутахассиси Ёрқиной Мирзаева. –Лабораториямизда эса тирик хужайра орқали кўчат етиштиришни ташкил этганмиз. Натижада самарадорлик беш баробарга ортди. Яъни, пайвандлаш орқали бир гектар майдонда 50 минг туп кўчат етиштириш мумкин бўлса, бизнинг тажрибамиз орқали бу кўрсаткич 250 минг тупни ташкил этмоқда. Ҳар 21 кунда 600 минг туп кўчат тайёрлаш имконига эгамиз. Шу билан бирга тутнинг янги навларини яратиш устидаги илмий ишларни давом эттиряпмиз. Бунинг учун дунёнинг 16 та давлатидан 240 турдаги тут кўчатларини олиб келганмиз ва уларни маҳаллийлаштириш ишларини олиб бормоқдамиз.

Вилоятда ипакчилик саноатини ривожлантириш мақсадида қўшимча 5 минг гектар ер майдони ажратилди. У ерда тутнинг маҳаллий шароитга мослаштирилган, юқори ҳосилдорликка эга бўлган ва касалликка чидамли навлари экилди. Бу эса яқин йиллар ичида ҳудудда пилла хом ашёсини етиштириш кўрсаткичлари тенг баробарга ортишидан далолатдир.

Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер