Козим ТОЖИЕВ: ЕОИИда кузатувчилик мақомининг афзалликлари қандай?

01:24 24 Апрель 2020 Сиёсат
1672 0

Ушбу муҳокамалар жараёнида Қонунчилик палатаси депутатлари ҳам фаол иштирок этмоқда. ЕОИИ билан ҳамкорлик масаласида бир тўхтамга келиш депутатлар зиммасига катта масъулият юклайди.

Албатта, мамлакатимизнинг Евросиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлик қилиши фақат иқтисодий манфаатларга хизмат қилиб, давлатимизнинг халқаро ва минтақавий иқтисодий ташкилотларда ўз ўрнига эга бўлишини билдиради.

Бу жиҳат энг аввало мамлакатимиз иқтисодиётини юксалтириш, экспорт салоҳиятини ошириш, янги технологиялар ва инвестицияларни жалб этиш, шунингдек, иқтисодий интеграциянинг кенгайиши, халқаро бозорда мулоқот ва рақобатга тайёр бўлиш даражасини оширади.

Бу борада билдирилаётган турли фикр ва мулоҳазаларда Ўзбекистоннинг ЕОИИда кузатувчи мақомига эга бўлиши мақсадга мувофиқ эканлиги таъкидланмоқда.

Фикримизча, кузатувчилик мақоми ЕОИИнинг ишлаш механизмлари ва иқтисодий афзалликлари билан яқиндан танишиш имконини беради. Шунингдек, маҳсулот сифатига қўйиладиган талабларни, ЕОИИ ҳудудида ишлатиладиган фитосанитария ва бошқа стандартларни яхшироқ ўрганишга замин яратади.

Маълумот ўрнида, кузатувчи мақомини олган давлат ЕОИИ қароргоҳига доимий вакилини юборади. Ушбу шахс кузатувчи мамлакат номидан ЕОИИ ва унинг органлари билан доимий алоқада бўлиш ҳуқуқига эга бўлади. Доимий вакил кузатувчи давлатнинг тегишли органлари билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, техник, божхона, санитария ва фитосанитария қоидаларини тартибга солиш, ЕОИИ ваколатига кирадиган бошқа масалалар бўйича доимий алоқаларни ўрнатиш ва қўллаб-қувватлашга ҳамда барча соҳаларда мулоқот ва ҳамкорликка кўмаклашади.

Ҳамкорликнинг энг оддий формати бўлган кузатувчилик мақомида туриш мамлакатимизнинг иқтисодий манфаатларига мос келади.

Кузатувчи мақоми орқали аъзо давлатлар билан барча соҳалар бўйича мунозараларда қатнашиш, асосли қарорлар қабул қилиш ва иқтисодий сиёсатга зарур ўзгартиришлар киритиш ҳамда ЕОИИ мамлакатлари билан янада конструктив мулоқот ўрнатиш мамлакатимизга келгусида ЕОИИга аъзо бўлиш ёки бўлмаслик стратегиясини ишлаб чиқиш шароитини яратади.

Бундан ташқари, кузатувчилик мақоми билан бизнес вакиллари ЕОИИ тадбирларида янада фаол иштирок этиш, шу жумладан давлат раҳбарлари, экспертларнинг макроиқтисодий сиёсат бўйича маслаҳатлашувларида қатнашиш ҳуқуқи ошади.

Умуман олганда, ЕОИИ билан кузатувчи мақомида ҳамкорлик қилиш интеграция жараёнлари, ютуқлар, муаммолар ва келгусидаги ривожланиш истиқболлари тўғрисида қимматли хулосалар чиқаришга имкон яратади.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, бўлиб ўтаётган кенг ва қизғин муҳокамаларда турли фикрлар билдирилмоқда, бир бирини инкор этувчи позициялар ҳам илгари сурилмоқда.

Албатта, бундай баҳс-мунозаралар ўз навбатида ЕОИИ билан ҳамкорлик масаласида бир қарорга келишга ижобий таъсир кўрсатади.

Козим ТОЖИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзМТДП фракцияси аъзоси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер