Кўзи ожизлар кутубхонаси жамият билан мулоқотга ёрдам беради
Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Бугун кўриш имконияти чекланганлар ҳаёти яхшиланмоқда. Ҳар жабҳада имконият яратилиб, таълим, ижтимоий соҳаларда қўллаб-қувватланиб келинмоқда. Юртимизда юзлаб махсус кўзи ожизлар кутубхонаси фаолият кўрсатаётгани билим олиш ҳуқуқи билан ҳам таъминлайди.
Давлатимиз раҳбари Сурхондарё вилоятига ташрифида кўзи ожизлар махсус кутубхонасининг янги биносини қуриш лойиҳаси билан танишиб, уни маъқуллади. Ушбу хайрли ишни амалга оширишга тезда киришилди. Кутубхона учун янги замонавий бино қуриш бўйича лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилди. Қисқа вақтда 5,2 миллиард сўмлик лойиҳа доирасида замонавий кўзи ожизлар учун барча қулайликларга эга бино қурилиб битказилди. Жорий йилда мазкур кутубхона фойдаланишга топширилди. Кутубхонага маҳаллий бюджетдан 200 миллион сўм маблағ ажратилиб, Брайл алифбосидаги китоблар, аудио китоблар жамламаси берилди. Ҳар бир махсус хона замонавий компьютер воситалари билан таъминланди. Кўзи ожизлар учун махсус дастурлар асосида ишловчи техник жиҳозлар ўрнатилди. Эндиликда кўзи ожизлар дастурлар орқали махсус ускуна ва компьютерларда мустақил ишлаш имкониятига эга.

— Кутубхона Термиз шаҳрида фаолият бошлаганига 40 йил бўлган. Шу йиллар давомида бир неча жойга кўчди, — дейди вилоят кўзи ожизлар махсус кутубхонаси директори Ҳусан Исломқулов. — Бу оғир шароит нафақат кўриш қобилияти чекланганларга, балки ходимларга ҳам ноқулайлик туғдириб келаётганди. Ҳозир кутубхонамизга келиш имкони бўлмаган шахслар учун уйга китоб элтиб бериш, овозли ўқишлар хизмати йўлга қўйилган. Республикада биринчи бўлиб Брайл алифбосидаги бўртма матнли адабиётларни чоп этиш мини питография, аудио форматдаги адабиётлар нашр қилувчи овоз ёзиш студияси ташкил қилинди. Кутубхонамизнинг 13 та ҳудудда филиаллари мавжуд. Уларнинг ҳар бирида фан, компьютер тўгараклари ташкил қилинди.
Дилфуза Чоршанбиева бу ёруғ оламни Брайл ёзувидаги китоблар орқали англайди. Ҳаётда излаганларининг барчасини кутубхонадан топди.

— Кутубхонага узоқ йиллардан бери қатнайман. Кўп адабиётларни қидириб сарсон бўлардим, — дейди Термиз Давлат университети магистри Дилфуза Чоршанбиева. — Ҳозир истаган китобим топилади. Муаллифлар, китоблар, жанрларга қараб танлаш имконияти бор. Келажакда малакали муаллим бўлиб, кўриш қобилияти чекланганларга таҳсил беришни мақсад қилганман.
Зиё масканида соғлом фуқароларга ҳам китоб мутолаа қилиши, тўгаракларда қатнаши учун имкониятлар яратилган. Ижодий уюшмалар билан ҳамкорликда «Энг яхши мутахассис», «Энг фаол китобхон», «Брайл ёзувида тез ёзиш ва ифодали ўқиш», «Энг яхши китобхон оила» танловлари ўтказилиб келинмоқда. Кутубхона Маданият вазирлиги томонидан ўтказилган «Янги Ўзбекистон юлдузлари» маданият ва санъат миллий мукофотининг «Аҳолига хизмат қилган йилнинг энг яхши кутубхонаси» номинацияси бўйича ғолибликни қўлга киритди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг