Косметика воситаларида ҳам коронавирус сақланиб қоладими? — долзарб саволларга аниқ жавоблар

15:13 02 Ноябрь 2020 Жамият
1344 0

Бугун АОКА залида бўлиб ўтган брифингда Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева аҳолидан тушаётган муҳим саволларга жавоб қайтарди

Савол: Коронавирус билан касалландим. Уй шароитида алоҳидаланиш билан 14 кун даволандим, ишга чиқмоқчиман. Касаллик бошланишидан олдин ишлатган косметика воситаларини ишлатса бўладими? Ёки вирус сақланиб қолган бўладими?

Жавоб: Ҳа, албатта, агарда сиз 14 кун давомида бу косметика воситаларидан фойдаланмаган бўлсангиз, шу билан бирга бу косметика воситалари ёпиқ равишда сақланадиган бўлса, бемалол фойдаланишингиз мумкин.

Бу савол бизнинг аёлларимиз учун жуда муҳим, чунки косметика воситаларидан улар фойдаланади. Бу касалликдан тўлиқ тузалишмаса, ўзлари бошқаларга, яъни оила аъзолари, ота-оналари ва фарзандлари, ҳамкасбларига инфекция тарқатувчиси бўлиб қолишдан қўрқишлари табиий.

Ҳозирда коронавируснинг асосий юқиш йўли — ҳаво-томчи йўли деб аниқланган бўлса-да, контакт йўли ва хўжалик буюмлари, сатҳлар орқали юқиш йўли ҳам инкор қилинмаган.

Бунда ҳавода вируснинг 3 соатгача сақланиши, турли сатҳларда эса 6 соатдан 48 соатгача сақланиши тўғрисида мақолалар ҳам мавжуд. Шу боис, сиз 14 кун муддатда улардан фойдаланмасангиз ва косметика воситаларингиз ёпиқ холда сақланса, улардан фойдаланиш мумкин.

Савол: Ҳомиладор аёлда йўтал ва нафас қисиши кузатилди. Шифокорга мурожаат қилганда МСКТга тушишни тавсия қилди. МСКТ эса ўпкада ҳеч қандай ўзгариш йўқ деб чиқарди. Ҳомиладор аёлни МСКТга тушгани қанчалик тўғри эди? Қандай ҳолатларда ҳомиладорларга МСКТ-текшируви ўтказилади?

Жавоб: МСКТ текширув усулини коронавирусда ўпканинг жароҳатланишини аниқлаш мақсадида фойдаланиш тавсия этилади. Бу усулда, ўпканинг жароҳатланишга боғлиқ равишда касаллик енгил, ўрта оғир ёки оғир даражада кечаётганига ташхис қўйиш имкони мавжуд.

Шу боис, бу текширув усули касалликнинг 5-7 кунларидан сўнг беморда йўтал ва ҳансираш белгилари кучайиши кузатилганида ўтказиш керак бўлади.

Ҳомиладорлик даврида бу усулдан фойдаланиш аслида мумкин эмас, бу усулдан фойдаланиш учун аёлнинг ҳаётига хавф солиши мумкин бўлган жиддий ҳолатлар кузатилаётган бўлиши лозим. Саволингиздаги ҳомиладор аёлда эса йўтал ва ҳансираш белгилари бўлгани боис, унга шифокор МСКТ тавсия этгани кўриниб турибди, лекин шу ўринда биз тўхталишимиз керак бўлган ҳолат бор, бу текширувни тавсия қилиш учун кўрсатмалардан эътибор бериш керак бўлган асосий ҳолатлардир, яъни:

— шифокор томонидан ҳомиладор шикоятларидан ташқари касалликка оид маълумотларни тўлиқ ўрганиши, яъни коронавирус касаллиги билан контактда бўлган ёки йўқлигини аниқлаши керак;

— шифокор томонидан ҳомиладор саломатлиги кўрсаткичларини ўрганиш учун умумий кўрув ўтказиши керак.

Агарда ҳомиладор аёлнинг ҳаётига хавф солиши мумкин ҳолат аниқланса, бу текширув усулни тавсия этиши керак, чунки инсон ҳаётига хавф соладиган ҳолатда ҳомиладорларга кам миқдорда бўлса ҳам, уни дозасини назорат қилиш имкони билан МСКТ текшируви ўтказилади.

МСКТда нурланиш мавжуд ва шуни унутмаслигимиз керакки, бу нурланиш ҳомилага таъсир этиши мумкин. Лекин, бу нурланиш таъсирини ўрганиш имконияти ҳам мавжудлигини унутмаслик керак.

Яъни, мурожаатингиз бўйича, шундай хулоса беришимиз мумкин, шифокор кўрсатмаси асосида МСКТ ўтказгансиз ва бу нурланиш болага таъсир этиши сизни хавотирга солаётган бўлиши мумкин. Бу ҳолатда, олдиндан турли хулоса чиқариб, ўзингизни хавотирга қўймасликка ҳаракат қилинг, яшаш жойингиз бўйича оилавий поликлиника шифокори ва гинекологга учрашинг. Болага нурланиш таъсир этиши ёки унда қандайдир ўзгаришлар пайдо қилиш мумкинлигини аниқлаш учун махсус текширув усуллари мавжуд, шу текширув усуллардан ўтишингиз талаб этилади ва ундан сўнг хулоса чиқариш мумкин.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер