Коррупцияга қарши кураш — адолат ва шаффофлик йўлида
Коррупцияга қарши кураш — жамиятда адолат, қонунийлик ва шаффофликни таъминлашнинг энг муҳим омилларидан биридир. Бу йўлда давлат органлари, айниқса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар зиммасига катта масъулият юклатилган.
Мажбурий ижро бюросининг Самарқанд вилояти бошқармасида Бюронинг Шахсий хавфсизлик бошқармаси ходимлари томонидан тарғибот ва профилактика тадбирлари ўтказилди. Ушбу учрашувда Бюронинг вилоят бошқармаси ҳамда Самарқанд шаҳар бўлими ходимлари иштирок этиб, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши самарали курашиш масалалари юзасидан фикр алмашдилар.
Тадбир давомида суд ҳужжатларини ўз вақтида ва қонун талабларига тўлиқ мувофиқ ҳолда ижро этиш, ҳар бир ходимнинг хизмат бурчига масъулият билан ёндашиши, ҳалоллик ва виждонан иш олиб бориши зарурлиги алоҳида таъкидланди. Шунингдек, коррупциянинг ҳар қандай кўринишига нисбатан қатъий ва муросасиз муносабатда бўлиш, унинг келиб чиқиш сабабларини бартараф этиш чоралари кенг муҳокама қилинди.
Иштирокчиларга давлат органлари фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, аҳоли билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири экани тушунтирилди. Бу борада ҳар бир ходимнинг шахсий масъулияти ва фидойилиги ҳал қилувчи аҳамият касб этиши қайд этилди.
Учрашув сўнгида коррупцияга қарши курашда жамоатчилик назоратини кучайтириш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, ёшлар орасида ҳалоллик ва адолат тамойилларини кенг тарғиб қилиш муҳим экани алоҳида эътироф этилди. Шу билан бирга, тизимда соғлом муҳитни шакллантириш, ҳар қандай ноқонуний ҳолатларга нисбатан муросасиз позицияни сақлаш барча ходимларнинг устувор вазифаси экани таъкидланди.
Бундай тадбирлар нафақат ходимларнинг касбий масъулиятини оширишга, балки жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга, адолат ва шаффофликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Дилшод АРИПОВ,
Мажбурий ижро бюроси Шахсий хавфсизлик бошқармаси катта инспектори.
Фазлиддин ТЕМИРОВ,
Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилоят бошқармаси
Шахсий хавфсизлик шўъбаси катта инспектори.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг