Коррупция — ривожланишимизга тўсиқ
Янги Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш соҳасида муҳим ташкилий-ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга, жамиятда коррупцияга муросасиз муносабатни шакллантиришга йўналтирилган тизимли чоралар кўрилди.
Илк бор коррупциявий хавфларни аниқлаш ва тизимли таҳлил қилиш, уларни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф қилиш учун масъул бўлган алоҳида орган — Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди. Давлат ҳокимияти органлари ва йирик хўжалик юритувчи субъектларда коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти йўлга қўйилмоқда.
Рақамли технологиялар имкониятидан кенг фойдаланган ҳолда транспорт воситаларига давлат рақам белгиларини бериш, нотариат ва бошқа давлат хизматларини кўрсатиш, ер участкаларини ажратиш, йўл ҳаракати қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш каби кўплаб соҳаларда коррупция ва суиистеъмолчиликларнинг олдини олишга қаратилган самарали механизмлар жорий этилмоқда.

Бу борада Президентимиз Фармони билан қабул қилинган 2019-2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш Давлат дастури доирасида мамлакатимизда коррупция кўринишларининг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш бўйича ҳамда Коррупцияга қарши курашиш тизими самарадорлигини ошириш, энг юқори даражадаги қулай ишбилармонлик муҳитини яратишга алоҳида эътибор қаратилган.
9 декабрь — Халқаро коррупцияга қарши кураш кунига бағишланган Аксилкоррупция ҳафталиги доирасида юртимизда бир қатор тадбирлар ўтказилмоқда.
Бу борада Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимида ҳам
«Коррупция — ривожланишимизга тўсиқ» шиори остида бир қатор тадбирлар ташкил этилмоқда. Жумладан, кеча Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академиясида «Коррупция — ривожланишимизга тўсиқ» мавзусидаги давра суҳбати ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди судьяси Отабек Жумаев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расулбек Кушербаев, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги масъул ходими Акмал Юнусов, Академиянинг профессор-ўқитувчилари, ҳарбий хизматчилар, курсантлар ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар томонидан таъкидланганидек, бугунги кунда коррупция фуқароларнинг ижтимоий адолатга, давлат органларига нисбатан ишончини сусайтиради, давлатнинг иқтисодий ўсишига салбий таъсир кўрсатади, қолаверса, жамиятдаги маънавий муҳитни бузилишига олиб келади.
Коррупция — мансабдор шахслар томонидан давлат ҳокимияти ёки бошқаруви ваколатларидан фойдаланган ҳолда шахсий манфаатларни ёки бошқа шахслар манфаатини кўзлаб содир этиладиган жиноятлар йиғиндиси эканлиги, айни дамда коррупцияга қарши курашиш барча давлат ва жамоатчилик ташкилотлари ҳамда молиявий муассасаларда устувор вазифага айланганлиги борасидаги кенг фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Тадбир якунида иштирокчиларга Академия курсантлари ўртасида ўтказилган «Коррупцияни биргаликда енгамиз» мавзусидаги танловда фаол иштирок этган курсантлар эсдалик совғалари билан тақдирланди.
— Ислоҳотларни амалга ошириш доирасида фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилиниши, давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари фаолияти очиқлиги, жамоат ва парламент назорати таъминланиши, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва суд органлари фаолиятининг ҳуқуқий асослари ислоҳ қилиниши ўз самарасини бермоқда, — дейди подполковник Савриддин Нажмиев.
Тадбирда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишини таъминлаш ҳамда коррупция кўринишларининг сабаб ҳамда шарт-шароитларини бартараф этиш бўйича қилиниши лозим бўлган чора-тадбирлар хусусида ҳам фикр алмашилди.
Фарҳоджон ХЎЖАЕВ,
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги
Академияси катта ўқитувчиси, капитан.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг