Коронавирусдан кейин ҳид ва таъм билишни қандай тиклаш мумкин?
Коронавирус сўлак таркибини бузади, деган қарашлар бор. Шунинг учун у билан оғриган инсондаги таъм билиш хусусияти издан чиқади, рецепторларга етказиб бериш функциясига путур етади. Таниқли невролог ва нейрофизиолог Алексадн Будикнинг айтишича, бу борада яна бир нуқтаи-назар мавжуд. Унга кўра, вирус рецепторларни зарарлайди ва бу нафақат таъм, балки ҳид билишнинг йўқолишига олиб келади.
Одатда коронавирусга чалинган бемор организми касалликнинг бошидаёқ ҳид ва таъм қабул қилишни тўхтатса-да, бир неча ҳафта ичида ушбу сезгилар тикланади. Бироқ соғайгандан кейин ойлаб мазкур хусусиятдан бебаҳра қолиш ҳолатлари ҳам тез-тез учрамоқда.
Будикнинг сўзларига кўра, ҳид ва таъмни ҳис қилишни қайтариш учун махсус тренинг ўтказиш лозим. Ҳар ҳафта кунига бир неча маротаба 20 сониядан турли ифорлардан ҳидлаб туриш керак. Булар чиннигул, саримсоқ пиёз, кардамон, долчин каби кучли ҳидга эга ўсимликлар бўлиши мумкин. Улар органларни фаол ишлашга мажбур қилади.
«Организм фаоллашган органга эътиборини кучайтиради ва барча ресурслар тананинг ушбу аъзоси фаолиятини тезда тиклаб олиши учун сафарбар этилади, — дейди шифокор. — Қўшимча терапия сифатида эса бурунга А витамини эритмасини томизиб туриш, ҳафта давомида омега-3дан фойдаланиш мумкин».
Шуларга параллель равишда таъм билиш сезгиси ҳам тикланади. Сабаби таъм ва ҳид билиш туйғуси ўзаро жуда боғлиқ бўлгани учун бирининг яхшиланиши иккинчисига ижобий таъсир қилади, дейди Будик.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг