Коронавирус: Туннел охирида ёруғлик, коронавирусга чалинган йўлбарс... Сўнгги янгиликлар
— Жонс Хопкинс университети маълумотларига кўра, шу пайтгача дунёда COVID-19ни юқтириб олганлар сони 1 275 542 нафарга, соғайиб кетганлар 262 985 нафарга, ҳаётдан кўз юмганлар 69 498 нафарга етди.
— Жанубий Кореяда коронавирусга чалинганлар орасида тузалиб кетганлар сони 6503 нафарга етди. Охирги суткада мамлакатда вирусни юқтириш билан боғлиқ 50 та янги ҳолат қайд этилди. Бу февраль ойи охиридаги тиғиз пайтдан буён қайд этилган энг паст кўрсаткичдир.
— Чехияда коронавирус сабаб ёпилган махсус дўконлар, устахоналар ва болалар майдончалари очилиши мумкин. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Андрей Бабиш маълум қилди. Охирги маълумотларга кўра, мамлакатда коронавирус юқтириб олганлар сони 4500 нафардан ортиқ.
— Дональд Трамп мамлакатда коронавирус тарқалиши билан боғлиқ вазият бўйича фикр билдирар экан, туннел охирида ёруғлик кўраётганини маълум қилди. Жонс Хопкинс университети маълумотларига кўра, АҚШда вирусга чалинганлар сони 337 637 нафарга етган, 9647 киши вафот этган, 17 578 киши соғайиб кетган.
— Нью-Йоркдаги Бронкс ҳайвонот боғида йўлбарс коронавирусга чалингани аниқланди.
— Францияда 8 мингдан ортиқ инсон коронавирус туфайли ҳалок бўлди. Сўнгги маълумотларга кўра, мамлакатда коронавирусни юқтирган 93 мингдан зиёд бемор бор.
— Kyodo агентлиги хабарига кўра, Япония бош вазири Синдзо Абэ Токио ва Осакада фавқулодда вазият эълон қилишга оид қарор қабул қилган. Охирги маълумотларга кўра, Кунчиқар юртида коронавирус билан оғриганлар сони 3600 кишидан ошиб кетган.
— Россиялик ва италиялик тиббиёт бригадалари коронавирусга чалинган беморларни қабул қиладиган Бергамодаги дала госпитали тўлиқ жиҳозланди. Италияда қарийб 130 минг киши COVID-19ни юқтириб олган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг