Коронавирус пандемияси воқеаларни тезлаштириб, яқин келажакни ортга қайтармоқдами?

08:43 05 Апрель 2020 Дунё
1122 0

Иллюстратив фото

Коронавирус пандемияси дунёдаги кўплаб воқеаларни тезлаштириб юборди. Хитойнинг Цинхуа университети журналистика институти профессори Шэнь Яннинг “Хуаньцю шибао” газетасида шу ҳақидаги фикрларини билдириб ўтди.

Унда қайд этилишича, бундан ўн йил кейин рўй бериши керак бўлган ўзгаришлар бугун кузатилмоқда. “Бундай жадаллашув хатарлар сонини ҳам кўпайтиради” дейилади материалда.

Бўм-бўш кўчалар, ҳолдан тойган беморлар, тиббиёт ходимларининг қаҳрамонликлари ва турли ҳукуматлар томонидан қабул қилинаётган фавқулодда чора-тадбирлар эпидемия вужудга келтирган картинанинг олд томони. Кино ва туризм индустрияси фаолияти, анъанавий касбларнинг вақтинча тўхташи ва интернетнинг гуллаб-яшнаши — бу ана ўша манзара ортида турган ҳолатлардир. Мана шуларнинг барчаси пандемия дунёда содир этаётган чуқур эврилишлардан далолат беради.

“Ҳамма жойда ҳаракатланишнинг чекланиши, чегаралар ва изоляция инсониятни худди ўрта асрларга қайтариб юборгандек. Жаҳон саноати ҳам янгитдан ташкил топишига шубҳа йўқ. Эпидемиядан сўнг ҳам миллий маданий хусусиятлар ва маҳаллий ечимларга қаратилган “суверен глобаллашув”га нисбатан кучли эътибор сақланиб қолиши мумкин” деб ёзади Ш.Ян.

Таъкидланишича, эпидемиядан кейин ҳам ҳар бир мамлакат ичида инсонлар ўртасида бевосита(алоқасиз) амалга оширилиши мумкин бўлган амалиётлар аҳоли барча қатламларининг кундалик эҳтиёжи бўлиб қолаверади. Чунки ўтган яқин ойларда контактсиз(масофавий) тармоқлар ривожига катта туртки берилди. Натижада роботлар, сунъий интеллект, автоном электрон тижорат, учувчисиз учиш қурилмалари, онлайн-конференциялар, тасвирларни таниш ва бошқа соҳалар тараққиёт оқимига ўта фаол даражада қўшилиб кетди.

Аслида контактсиз ҳаёт — бу сунъий онгнинг инсон қобилияти даражасигача юксалишидир. Бу аслида келажак тенденцияси эди. Ваҳолонки, коронавирус ана ўша истиқболни ортга қайтариб, бугунга олиб келиб қўйди.

Бир томондан бу одамларнинг тармоқ орқали ахборот олишини кўпайтирса, бошқа томондан ташқи дунё билан алоқа самарадорлигини кескин оширади. Парадоксни қарангки, ҳозирги пайтида чексиз алоқа инсонларнинг маънавий-руҳий дунёсини янада кенгайтирмоқда.

Яна бир ҳолат. Сунъий интеллект биздаги муайян қобилият ўрнини босар экан, алалоқибат ўша қобилиятимиз сўниб бораверади. Шундай экан агар инсон ўзининг маънавий савияси ва майдонини кенгайтирмаса, ундаги ижтимоий функциялар қиймати сезиларли даражада пасайиб кетади.

Профессорнинг келтиришича, одамларнинг интернет қаршисида вақт ўтказиши жорий йил февраль ойида тўрт соат ошиб, саккиз соатга етган. Ўтган йил июнь ойида бу муддат тўрт соат эди.

Аслида бундай давр ўн йил кейин кириб келиши керак эди, деб ёзади эксперт. Бунинг яна бир тарафи бор. Агар инсон бир кунининг 8 соатини уйқуга сарфласа, қолган 16 соатининг ярмини интернетда ўтказяпти. Бу реал ҳаётга кетаётган вақтдан ҳам кўпдир. Яъни башарият муддатидан олдин виртуал реалликка чуқур кириб боряпти. Боз устига, глобал тармоқдан узоқда бўлган кекса инсонлар ҳам интернет-фойдаланувчилари сафини фаол тўлдиришмоқда. Сув ва электр энергияси базавий таъминоти, уй шароитларида интернет-бизнес юритишнинг оммалашуви ҳамда тармоқ маълумотлари тўлиқ етказиб берилиши шарофати хонанишинларнинг ҳам даромад топишига қулай замин яратди.

Бу ўз навбатида кино ва фантастик романлардаги ялпи роботлашув процессини янада яқинлаштирмоқда. Салбий томони бундай вазият анъанавий соҳаларда ишсизлар сони кўпайишига олиб келади.

Хитойлик олим шу каби ижобий ва салбий жиҳатларни инобатга олган ҳолда, бу борадаги концепцияга тузатишлар киритиш ҳамда аниқ стратегияга тайёргарлик кўриш бўйича аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиш зарур эканлигини билдирган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер