Коронавирус, эркаклар ва тамаки чекиш: улар ўзаро қандай боғлиқ?

16:51 10 Май 2020 Дунё
2649 0

Дунёнинг деярли барча мамлакатларида аёлларга нисбатан эркаклар кўпроқ коронавирус қурбонларига айланмоқда. Испаниянинг Каталония очиқ университетининг соғлиқни сақлаш соҳасидаги Cognitive Neurolab гуруҳи тадқиқотчиси Диего Редоларнинг фикрича, бунинг асосий сабаби тамаки чекиш билан боғлиқдир. Бу ҳақда РБК хабар берди.

“Бошқа мамлакатларда бўлгани каби Испанияда ҳам эркаклар ва аёллар вирусни деярли бир хил йўл билан юқтириб олишяпти. Бироқ касалликнинг оғирлашуви ва ўлим ҳолати эркакларда кўпроқ учрамоқда. Масалан, ўтган ҳафтада дунёда бу кўрсаткич тахминан 2,5 баробарни ташкил этган. Мазкур фарқ эса ёшга боғлиқ эмас”, — деди Редолар.

У Бордо университети неврология кафедраси илмий ходими Хавьер Васкес билан ҳамкорликда ўтказган таҳлилга мувофиқ, Испанияда коронавирусга чалинган эркакларда ўлим ҳолати аёлларга нисбатан кўпроқ(мос равишда 8 ва 4 фоиз) эканлигини ҳам аниқланган.

“Бунинг боиси тамаки чекишдир, деган тахмин кўп жиҳатдан ўзини оқлаяпти”, — деди Редолар.

Гап шундаки, Испанияда юрак-қон томир касалликлари ўлимга олиб келадиган сабаблар ичида биринчи ўринда туради. Масалан, 2018 йилда вафот этганларнинг 28 фоизини ана шундай дардга йўлиққан беморлар ташкил этган бўлса, уларнинг 10 фоизи ҳаёти давомида сигарет чеккани аниқланган. Бироқ мазкур дарддан эркакларга нисбатан аёллар кўпроқ ҳаётдан кўз юмади.

“Covid-19 ташхиси қўйилган беморлар орасида эса юрак-қон томири касали билан оғриган эркаклар аёлларга нисбатан кўп эканлиги аён бўлди, — дейди мутахассис. — Бунга эса қандайдир омил таъсир қилиши керак. Ва биз бошқа тадқиқотчилар каби буни чекиш деб ҳисоблаяпмиз”, — деди нейробиолог.

Испанияда эркакларнинг 25 фоизи, аёлларнинг 18 фоизи сигарет чекади. Чекиш эса юрак-қон томир касалликларини оғирлаштиради. Коронавирусдан вафот этганларнинг 30 фоизида ҳам юрак-қон томир тизимларида муаммоси бўлган.

Чекиш ва ўпканинг сурункали касалликлари ACE-2 энзимлари(ферментлари) ҳажмини кўпайтириши тадқиқотларда исботланган. Айнан ушбу ферментлар коронавирусга ўпка ҳужайраларига тушишига ёрдам беради. Шундан келиб чиқиб бир қатор олимлар кашандаларда ACE-2 рецепторлари бошқаларга нисбатан кўпроқ учраши, бу эса уларни тождор вирус билан касалланиш эҳтимолини кўпайтиришини таъкидлашмоқда.

Бироқ Испанияда тамаки чекувчилар орасида коронавирус қурбонлари сони кўпроқ учраётгани ҳақида расмий статистика ҳозирча йўқ.

“Муаммо шундаки, Covid-19 ташхиси қўйилган эркак ёки аёлларнинг қанчаси чеккани ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Инқироз пайтида соғлиқни сақлаш тизимининг юки ниҳоятда оғирлашиб кетди, шунинг учун методик жиҳатдан тўлиқ маълумот йиғишдан кўра, инсон ҳаётини сақлаб қолиш муҳимроқ эди. Бу каби маълумотларни йиғишга эса эндигина киришилди”, — дея юқоридаги ҳолатга изоҳ берди Редолар.

Испан экспертининг фикрича, бугунги кунда тождор вируснинг олимларга номаълум жиҳатлари ҳали жуда кўп. “Ҳозир беморлар ҳақида иложи борича кўпроқ маълумотлар йиғиш керак”, — дея бошқа касбдошларини ҳам шунга чақиради у.

Редолар чекиш коронавирусга чалинган эркаклар ўртасида ўлим ҳолати кўпроқ қайд этилаётганинг фақатгина битта фактори эканлигини истисно этмади.

“Одамлар чекиш Covid-19га чалинмаслик учун ёрдам бермаслиги, аксинча, катта хатар эканлигини тушунишлари муҳим”, — деди у.

Шунинг учун тамаки маҳсулотларига нисбатан солиқларни ошириш, эпидемия пайтида уларни сотишни тақиқлаш ва зарарли одатларга қарши курашиш дастурларини яхшилаш каби йўллар билан кашандаликка қарши кампанияни авж олдириш зарур, деб ҳисоблайди испаниялик нейробиолог.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер