Корхона қуёш электр станциясига эга бўлди

17:23 22 Ноябрь 2024 Жамият
491 0

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Ички ва ташқи қурилиш материаллари бозорида ўз ўрнига эга бўлган “KNAUF GIPS BUXORO” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги хорижий корхонаси жамоаси серқуёш заминимиз имкониятларидан оқилона фойдаланишга қаратилган лойиҳалардан бирини амалга оширди. Когон туманида фаолият юритаётган мазкур субъектда қуёш электр станцияси фойдаланишга топширилди.

Станция 0,9 МVt қувватга эга бўлиб, икки гектар майдонда жойлашган. Корхона уни барпо этиш учун 1 миллион евро қийматида сармоя сарфлади. Лойиҳа давлатимиз раҳбарининг қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора – тадбирларига оид қарорига мувофиқ амалга оширилди.

Корхона директори Д.Дерипалконинг қуёш фотоэлектр станцияси очилишига бағишланган маросимда таъкидлашича, иншоотда онлайн инновацион назорат тизими ишлаб чиқилган. У энергия ресурсларидан ўринли фойдаланиш, корхонада барқарор иш жараёнини таъминлаш имконини беради. Бундан ташқари, қурилма атроф – муҳит муҳофазасига ҳам ҳисса қўшади. Ҳисоб – китобларга кўра, яшил энергетиканинг йўлга қўйилиши туфайли атмосферага чиқадиган зарарли чиқиндилар миқдори йилига 940 тоннага камаяди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер