Кўприк қурган кишиларга жаннат эшиклари очиқ бўларкан...
Шаҳрихон туманидаги «Қўрғонча» маҳалласи таркиб топганига юз йилдан ошди. Ҳудуд Бўстон ва Олтинкўл туманлари билан шундоққина қўшни бўлгани боис уччала туман аҳолисининг борди-келди муносабатлари яхши йўлга қўйилган. Ўзбекнинг нимаси кўп — бозор-ўчарию, қуда-андачилиги кўп. Қишлоқлараро муносабатни боғлаб турувчи, нафақат, инсонийлик фазилатлари, балки, маҳалладан оқиб ўтувчи «Шаҳрихонсой» канали устидаги кўприкдир ҳам.
Кўприк қурилганига 50 йилдан ошди. Бу давр мобайнида замонда не бир ўзгаришлар рўй берди. Кўприк эса ўзгармади. Йўғе, ўзгарди, ёмон томонга! Яъниким, эскириб, фойдаланишга деярли яроқсиз ҳолатга келиб қолди. «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятига қарашли «Кўприк қурилиш трести» унитар корхонаси томонидан амалга оширилган хайрли иш туфайли маҳаллада янги кўприк қурилиши бошлаб юборилди.
— Бир маҳалладан иккинчи маҳаллага анча йўл босиб ўтишга тўғри келарди, — дейди «Қўрғонча» МФЙ раиси Азизахон Раҳимова. –Узоғимиз яқин бўлди. Қурувчилар саъй-ҳаракати билан янги кўприк қурилди. Ундан нафақат, аҳоли, балки, транспорт воситалари ҳам бемалол юра олади.
Дарҳақиқат, эни 7 метр, узунлиги 32 метрдан иборат ушбу кўприк 100 тоннагача бўлган юкни бемалол кўтаради. Мутахассисларнинг маълум қилишича, у 60-70 йил давомида халққа муаммосиз хизмат қилади.
— 2020 йилда Фарғона водийсида 6 та мана шундай замонавий, жаҳон талабларига мос келадиган кўприклар қуриб, фойдаланишга топширдик, — дейди қурилиш корхонаси раҳбари Дониёрбек Турғунов. –Бундан ташқари, ўнлаб сув қувурларини ўрнатдик. Ишчиларимиз тўплаган бой тажриба туфайли республикамиздаги энг йирик қурилиш объектларида ҳам фаолият кўрсатмоқдамиз.
Шаҳрихон туманидаги «Қўрғонча» МФЙ ҳудудидан ўтувчи «Шаҳрихонсой» устида қад ростлаган янги кўприк айниқса, маҳаллий аҳоли миннатдорлигига сабаб бўлди.
— Эски кўприкни эсласам юрагим орқага тортиб кетади,-дейди меҳнат фахрийси Абдулла ота Ҳамроқулов. –Эски, яроқсиз, қадам босса сувга тушиб кетар даражадаги кўприкдан юришга қўрқиб, каналнинг у томонига ўтиш учун 12 км. масофани пиёда айланиб ўтишга мажбур эдик. Ва ҳоланки, сойнинг у қирғоғидан «Андижон — Тошкент» магистарл йўли ўтган. Ушбу йўл орқали республикамизнинг исталган ҳудудида бориш мумкин. Қаранг, қандай ноқулай вазиятда қолган эдик. Мана, қурувчиларнинг бир ойлик меҳнати билан янги кўприк туфайли 12 км. масофамиз саноқли қадамларга айланди.
Халқимиз азал-азалдан йўл қурган, кўприк созлаган кишиларни эъзозлаганлар. Ҳатто, диний ривоятларда баён қилинишича, кўприк барпо этган мўминларга жаннат эшиклари очиқ бўлади ва улар қушдек енгил парвоз ила жаннатга кирадилар. Бу эътирофлар ўз-ўзидан эмас. Зеро, узоқни яқин қилгувчилар эл мушкулини осон қилиб, уларнинг дуосига муносибдирлар. Янги кўприк ҳам «Қўрғонча» МФЙдаги 50 дан ортиқ хонадонда истиқомат қилувчи 300 нафардан зиёд аҳолига узоқ йиллар давомида самарали хизмат қилади, деган умиддамиз.
Саминжон ҲУСАНОВ,
«Халқ сўзи»
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг