Кўп қаватли уйларда бошқарув тизими такомиллашмоқда
Фото: Халқ сўзи
Бугунги кунда Самарқанд вилояти бўйлаб кўп қаватли уй-жойлар сони 2 минг 88 тани ташкил этмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 19 июндаги «Кўп квартирали уй-жойларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори асосида ҳозиргача 2 минг 16 та кўп қаватли уй 29 та бошқарув сервис компанияларига бириктирилди. Ушбу бошқарув сервис компанияларининг 10 таси Самарқанд шаҳрида, 5 таси Каттақўрғон шаҳрида бўлса, қолган туманларда биттадан ташкил қилинган.
— Ширкатлар фаолиятини такомиллаштиришдан мақсад хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини оширишдан иборат, - дейди Самарқанд вилояти уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси бошлиғи Баҳодир Негматов. — Чунки айрим ширкатлар фаолияти қониқарсиз аҳволга келиб қолгани сир эмас. Оқибатда мавсум тайёргарликлари ва фаолиятларида турли муаммолар кузатилаётган эди. Тизимда рўй берган ўзгаришлар туфайли бу муаммолар узил-кесил барҳам топмоқда. Хусусан, қиш мавсумига тайёргарлик доирасида 82 та уйнинг 28,6 минг квадрат метр том қисми капитал ва жорий таъмирланди. 119 та уйнинг кириш йўлаклари, 53 тасининг ертўласи, 34 тасининг ички муҳандислик тармоқлари, 84 тасининг фасад қисми таъмирланиб, аҳоли учун қулайликлар яратилди. Маҳаллий бюджетдан ажратилган маблағлар ҳисобидан кўп қаватли уйлардаги 27 та лифт алмаштирилди. 10 та лифт ускуналарини таъмирлаш ишлари якунига етмоқда. Шунингдек, кўп қаватли уйлар атрофидаги 8 минг квадрат метр пиёдалар йўлакларига бетон қопламаси ётқизилди, 14 та болалар майдончаси ташкил этилди.
Бошқарув сервис компаниясида ширкатдаги каби чилангар, электрмонтёр ва фаррошларгина эмас, балки ўнлаб йўналишда хизмат кўрсатувчи мутахассислар фаолият олиб боради. Бунда асосий фаолият турларидан ташқари уй-жой эгаларига зарурат туғиладиган арзон ва сифатли қурилиш-таъмирлаш билан боғлиқ хизматлар ҳам йўлга қўйилади.

— Компаниямиз 515 та кўп қаватли уйнинг 21 минг 700 дан ортиқ ходанонига хизмат кўрсатмоқда, — дейди Самарқанд шаҳридаги “Bio-tex-servis” бошқарув сервис компанияси раҳбари Азизхон Расулов. — Албатта, ишни бошлаш осон кечмаяпти. Жорий йилнинг август ойидан фаолиятимизни бошлаган бўлсак, бугунги кунгача ҳам айрим муаммолардан халос бўла олганимизча йўқ. Айниқса, тўловлар борасидаги чалкашликлар энг оғриқли масала бўлиб турибди. Айни пайтда компаниямизда 24 соатлик диспетчерлик хизмати жорий қилинган бўлиб, 128 нафар ходим томонидан аҳолига сифатли хизмат кўрсатилмоқда. Аҳолидан келиб тушаётган мурожаатлар асосида муаммолар 18 соатдан ошмаган ҳолда ҳал этилмоқда. Биз ҳудудларда тугатилган ширкатларда фаолият юритган ишчи-ходимларни ишга қабул қилган ҳолда фаолиятни давом эттиряпмиз. Чунки улар ҳудудни яхши билади, аҳоли ҳам уларни танийди.
Шунингдек, ҳар бир ҳудуд бўйича самарали фаолияти билан аҳоли ўртасида ҳурматга сазовор бўлган ширкатлар раҳбарлари гуруҳ раҳбари сифатида ишлаяпти. Улар бириктирилган ходимлар билан ҳудуддаги муаммоларни ўз вақтида аниқлаб, тегишли чора-тадбирларни амалга оширяпти.
Бошқарув сервис компанияси маъулларининг маълумотига кўра, тизимдаги бадал тўловларини тўлиқ онлайн тизимга ўтказиш ишлари ҳам жадал олиб борилмоқда.
— Ширкатлар раҳбарлари фақатгина ваъдабозлик билан вақт ўтказишарди, — дейди Самарқанд шаҳрида яшовчи И. Ортиқов. — Уларда на профессионал чилангар, на замонавий асбоб-ускуна бор эди. Бошқарув компанияси илк фаолиятини ҳудудни ободонлаштиришдан бошлади. Қисқа вақтда ҳудудимиз обод гўшага айланди. Уй-жойларимизнинг таъмирталаб жойлари ҳам ўз вақтида таъмирланиб, кўзни қувнатадиган даражага келди. Ўйлаймизки, бу ишлар бундан кейин ҳам шундай суръатда давом эттирилади.
Айни пайтда Самарқанд шаҳрида кўп қаватли уйларнинг иссиқлик таъминотини барқарорлаштириш долзарб масала саналмоқда. Жаҳон банки томонидан молиялаштирилган лойиҳа асосида шаҳарда мавжуд қозонхоналарни модернизация қилиш ишлари давом этаётгани тез орада бу борада ҳам амалий ечимлар ўз исботини топишидан далолат беради.
Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг