Конституциявий шикоят институтининг ривожланиш тенденциялари муҳокама қилинди

18:36 26 Май 2023 Жамият
665 0

Самарқандда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ва Европа Кенгашининг Ҳуқуқ орқали демократия учун Европа комиссияси (Венеция комиссияси) билан ҳамкорликда “Марказий Осиё мамлакатларида конституциявий шикоят институти моделларининг ривожланиш тенденциялари” мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтди.

Икки кун давом этган мазкур тадбирда констуциявий шикоят институти ҳуқуқий асослари, қўлланилиш амалиёти ва илғор тажрибалар хусусида маърузалар эшитилди. Анжуманда халқаро ва маҳаллий экспертлар, Марказий Осиё ва Европа давлатлари вакиллари конституциявий назорат органлари вакиллари томонидан тақдим этилган маърузалар ҳамда алмашувларда аҳамиятли фикрлар, таклифлар билдирилди. Муболағасиз айтиш мумкин, Марказий Осиё давлатларида конституциявий шикоят институти моделларининг ривожланиш тенденцияларида ўзига хос мактаб яратилган.

Янги Ўзбекистон тараққиёти даврида Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди жиддий ислоҳотларни босиб ўтди. Ўзбекистон Республикасида давом этаётган ислоҳотларнинг янги босқичи, аниқроғи конституциявий ислоҳотлар даврида конституциявий шикоят институтига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Конференциянинг иккинчи иш кунида “Конституциявий судга мурожаат қилиш: инсон ҳуқуқлари бузилишига қарши энг самарали восита”, “Фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинларини ҳимоя қилишда Омбудсман институтининг Конституциявий суд билан ўзаро ҳамкорлиги”, “Инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг ҳуқуқий асослари: парламент ва Конституциявий суднинг ўзаро ҳамкорлиги”, “Қонунчиликни конституциявий назорат қилишнинг Австрия модели”, “Фуқароларнинг Босния ва Герцеговина Конституциявий судига конституциявий шикоят киритиш тартиби” каби муҳим мавзуларда маърузалар эшитилди.

Маърузарларда билдирилган муҳим фикрлар, таклифлар асосида фикр алмашув ва мунозалар бўлиб ўтди. Унда бир қатор муҳим таклиф ва тавсиялар янгради. Хусусан, шундай мазмундаги тадбирларни тизимли ва доимий равишда ташкил этиш, Марказий Осиё давлатлари Конституциявий судлари мулоқотларини янада кўпайтириш, халқаро ташкилотлар билан яқиндан ҳамкорлик қилиш, Марказий Осиё ва Европа давлатлари Конституциявий судлари ўртасида тажриба алмашиш, ривожланиш ва тараққиёт учун дўстона фикр алмашувларни янада кўпроқ ташкил этиш ўринли эканлиги айтилди.

Шунингдек, конституциявий шикоят институти амалиётида рақамлаштириш масалаларини кенг жорий этиш, мурожаатларни ўрганишда сунъий интеллектдан фойдаланиш амалиётини жорий этиш каби замон талабидаги таклифлар билан бирга, энг асосийси фуқароларнинг конституциявий органларга манзилли мурожаат қилишлари учун ҳуқуқий билимларини ошириш устида ишлаш ва бунинг барча зарурий чора-тадбирларини кўриш кераклиги айтилди.

Бундан кўриниб турибдики, келгусида Ўзбекистонда конституциявий назорат институти фаолиятини, хусусан конституциявий шикоят институтини янада такомиллаштириш борасида ҳам муҳим ишлар амалга оширилиши керак. Чунки, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини муносиб ҳимоя қилиш Конституциявий суд органларини биринчи галдаги вазифаси ҳисобланади.

Тадбир якунида Конференция хулосалари қабул қилинди.

Халқаро конференцияга ташриф буюрган меҳмонлар, иширокчилар Самарқанд шаҳрининг тарихий обидалари, унинг бетакрор шарқона қиёфаси, бой тарихи билан яқиндан танишдилар.

Абдулазиз Йўлдошев, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер