Конституциявий одил судлов таъминланади

11:15 30 Май 2018 Сиёсат
2291 0

Пойтахтимизда “Конституциявий суд давлат ҳокимияти органлари тизимида: вазифалар ва истиқболлар” мавзуида давра суҳбати ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг мамлакатимиздаги лойиҳалари координатори ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда парламент аъзолари, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, вазирлик ва идоралар, илмий муассасалар, олий ўқув юртлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакиллари қатнашди. 
Таъкидланганидек, қонун устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш Ҳаракатлар стратегиясининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган бўлиб, айни пайтда бу борада кенг кўламли саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Булар, ўз навбатида, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, нуфузини ошириш, суд тизимини демократлаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, маъмурий, жиноят, фуқаролик ва хўжалик қонунчилигини, шунингдек, жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этаётир. 

Давра суҳбатида сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар жамиятда адолат тамойилларини кенг қарор топтиришга, мамлакатда демократияни ривожлантиришга хизмат қилаётгани, энг муҳими, бу туб ўзгаришлардан одамлар мамнун экани қайд этилди. Бинобарин, Президентимиз 2017 йил 13 июнда суд органлари тизимида одил судловни таъминлаш борасидаги ишларнинг аҳволи, муаммолар ва истиқболдаги вазифаларга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишидаги маърузасида ҳам адолат халқимиз учун азалдан тинч ва фаровон ҳаёт мезони, эзгулик манбаи бўлиб келганини таъкидлаган эди. 

— Дарҳақиқат, сўнгги йилларда ушбу соҳада аниқ чора-тадбирлар, кенг қамровли ишлар тизимли олиб борилмоқда, — дейди Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди эксперти Камола Ҳамидова. — Чунончи, ягона Олий суд ташкил этилди, маъмурий ва иқтисодий судлар тузилди, судьялар ҳамжамиятининг янги органи сифатида Судьялар олий кенгаши ташкил этилди. Албатта, буларнинг барчаси фуқаролар, жисмоний ва юридик шахслар ҳамда тадбиркорларнинг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришда муҳим ўрин тутаётир. 

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 108 ҳамда 109-моддаларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилгани, унинг  асосида “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонун қабул қилингани айтиб ўтилди. 

Иштирокчиларнинг фикрича, ушбу Қонун фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликлари кафолатларини янада мустаҳкамлаш ва ишончли ҳимоялашга ҳамда конституциявий одил судловнинг роли ва аҳамиятини кучайтиришга хизмат қилади. Унга мувофиқ, Конституциявий судга қўшимча ваколатлар берилди. Хусусан, Конституциявий судга ҳар йили Олий Мажлис палаталарига ва Ўзбекистон Республикаси Президентига мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этиш ваколати берилгани Конституция устунлиги принципини таъминлашнинг ҳуқуқий механизмини такомиллаштиришга қаратилган муҳим тадбир эканини тасдиқлайди. 

Давра суҳбатида Конституциявий суднинг давлат ҳокимиятининг қонун чиқарувчи ва ижро этувчи органлари, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий институтлар ва нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорлиги каби масалалар қизғин муҳокама қилинди. Шу билан бирга, инсон ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишни такомиллаштириш, Конституциявий суднинг парламент палаталари, Олий суд, Омбудсман билан ўзаро ҳамкорлиги тўғрисидаги масалаларга ҳам батафсил тўхталиб ўтилди. Конституциявий суднинг ушбу органлар ва ташкилотлар билан ҳамкорлигини янада такомиллаштириш юзасидан аниқ таклиф ҳамда тавсиялар билдирилди.

Давра суҳбати якунлари бўйича тегишли ҳужжат қабул қилинди.

Зиёда АШУРОВА,
«Халқ сўзи» мухбири.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер