Конституциявий ислоҳотларнинг муҳим босқичи

15:10 26 Июнь 2022 Сиёсат
4811 0

Фото: Иллюстратив фото

Ҳурматли юртдошлар!

Бугунги кунда мамлакатимизда Конституциявий ислоҳотлар жараёни қизғин паллага кирди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари Кенгашларининг Қўшма қарори билан тузилган Конституциявий комиссияга ўтган бир ой давомида келиб тушган 60 мингдан ортиқ таклифлар асосида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан тайёрланган Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга доир Конституциявий қонунлар лойиҳалари жорий йил 24 июнь куни Қонунчилик палатаси томонидан кўриб чиқилди.

Конституциявий қонунлар лойиҳалари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси томонидан биринчи ўқишда қабул қилиниб, ягона «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳасига бирлаштирилди.

Конституциявий қонун лойиҳаси Бош қомусимизнинг 64 та моддасига 200 дан ортиқ ўзгартишлар киритишни назарда тутади. Бундан ташқари, 6 та янги модда билан 16 та янги норма киритилмоқда.

Уларнинг аксарияти мазмун-моҳиятига кўра, «инсон — жамият — давлат», «Янги Ўзбекистон — ижтимоий давлат” деган тамойилларни конституциявий қоида сифатида муҳрлашга, халқпарвар давлат барпо этишга, инсон ҳуқуқларининг ҳимояси ва ижтимоий муҳофазасини кучайтиришга, ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўла таъминлашга қаратилган.

Шунингдек, ўзгартишлар сифатли ва малакали тиббий хизматни ташкил этиш, таълимни ривожлантириш, хусусий мулк дахлсизлигини кафолатлаш, фуқаролик жамияти институтларининг мақомини ва экологик муҳофаза каби масалаларни конституциявий даражада мустаҳкамлаб қўйиш билан боғлиқ.

Шу билан бирга, қонун лойиҳаси давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимини такомиллаштириш, жумладан, парламент ваколатларини кенгайтиришПрезидентлик институтини такомиллаштириш, жойлардаги вакиллик ва ижро ҳокимияти органларини ажратишҚорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий, сиёсий жиҳатдан ривожлантиришнинг конституциявий асосларини янада мустаҳкамлаш масалаларини ҳам ўз ичига олган.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси томонидан жорий йилнинг 24 июнида мазкур Конституциявий қонун лойиҳасини умумхалқ муҳокамасига қўйиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Мазкур жараён «Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ўтказилади. Унга кўра:

1. Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамасида фуқароларнинг иштирок этиши ихтиёрийдир (7-модда).

2. Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамасида иштирок этишда фуқаролар тенг ҳуқуққа эгадирлар (8-модда).

3. Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси ошкора ўтади ва оммавий тусга эга бўлади (9-модда).

4. Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси жараёнида фуқаролар қонун лойиҳалари бўйича ўз фикрини эркин билдириш ҳуқуқига эга (11-модда).

5. Умумхалқ муҳокамасига қўйилган қонун лойиҳалари давлат органларининг мажлисларида, фуқаролар йиғинларида, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, сиёсий партиялар ва бошқа жамоат бирлашмаларида, ҳарбий хизматчиларнинг йиғилишларида, оммавий ахборот воситалари орқали ҳаммуҳокама қилиниши мумкин (18-модда).

6. Умумхалқ муҳокамаси иштирокчиларининг таклиф ва мулоҳазалари якка тартибда ёки жамоа тарзидаоғзаки ёки ёзма шаклда киритилади.

Қонун лойиҳаси юзасидан таклиф ва мулоҳазаларда фуқаронинг фамилияси, исми, отасининг исми, унинг тураржойи, тегишли органнинг, ташкилотнинг номи ва почта манзили кўрсатилади. Қонун лойиҳаси юзасидан таклиф ва мулоҳазалар имзоланган бўлиши керак (19-модда).

7. Фуқаролар қонун лойиҳасига доир таклиф ва мулоҳазаларини давлат тилида ёки ўзлари билган исталган бошқа тильда киритишга ҳақлидирлар (20-модда).

8. Давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, сиёсий партиялар, бошқа жамоат бирлашмалари ва оммавий ахборот воситалари, Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари, шунингдек Қонунчилик палатаси депутатлари сайлов округларида қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамасига доир тадбирларни ташкил этадилар (16-модда).

Умумхалқ муҳокамаларини ташкил этиш жараёнида давлат идоралари фуқароларга ўз хоҳиш-иродаларини эмин-эркин билдиришлари учун барча қулайликларни яратишлари лозим.

9. Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси якунлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси томонидан кўриб чиқилади (25-модда).

10. Қонун лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамаси якунлари оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади (26-модда).

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қарорига кўра, «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси 2022 йилнинг 25 июнидан 5 июлигача ўтказилади.

Ҳурматли фуқаролар!

Мазкур Конституциявий қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамаси учун «Халқ сўзи», «Народное слово» газеталарида ҳамда “Meningkonstitutsiyam.uz” электрон платформасида эълон қилинмоқда.

Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан фикр-мулоҳазалар ҳамда таклифларингизни Meningkonstitutsiyam.uz” электрон платформаси, 1341 қисқа рақами орқали ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига Тошкент шаҳри, Бунёдкор шоҳкўчаси, 1-уй манзили бўйича юборишингиз ёки бевосита келган ҳолда тақдим этишингиз мумкин.

Ўтказилган умумхалқ муҳокамаси натижаси умумлаштирилиб, қонун лойиҳаси янада такомиллаштирилади.

Унинг натижаларига кўра, «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси референдумига қўйилади.

Азиз ватандошлар!

Бугунги кунда минглаб фуқароларимиз, нуроний ва ёшларимиз, турли миллат вакиллари, ўқитувчилар, тиббиёт ходимлари, тадбиркорлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, умуман, жонажон Ўзбекистонимиз тақдирига бефарқ бўлмаган юртдошларимиз ўз таклифларини юборишда давом этмоқдалар.

Чунки ҳар бир инсон ушбу ҳужжатни меники, Менинг Конституциям дейиши, унда ўзини, оиласини, маҳалласини, жамият ва давлатни йиллар давомида безовта қилиб келган муаммолар ечимини кўриши муҳим.

Юрт келажаги ва Ватанимиз тақдири Сиз ва Бизнинг мазкур жараёндаги фаол иштирокимизга боғлиқ бўлиб, келгуси тараққиётимиз учун муҳим аҳамият касб этади.

Мазкур жараёнда барчангизни фаол иштирок этишга чақирамиз!

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 

Қонунчилик палатаси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер