Конституциянинг ягона манбаи ва муаллифи — халқ
Фото: Халқ сўзи
Ҳеч бир инсон давлат ва жамият ҳаётидан айро яшай олмагани каби ижтимоий-сиёсий соҳадаги ўзгариш ҳамда янгиланишлар ҳар биримизнинг турмуш тарзимиз, мақсад ва интилишларимиз, ҳатто қарашларимизга ҳам ўз таъсирини ўтказмоғи тайин. Худди шундай, «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамасида иштирок этиш фуқароларнинг ўз қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари кафолатини мустаҳкамлаш жараёнида бевосита иштирок этиш учун имкон яратмоқда. Жойларда ташкил этилаётган «Менинг конституциям» шиори остидаги жамоатчилик муҳокамаси майдонлари аҳоли кенг қатлами учун айни муддао бўлаётир.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги OʼzLiDeP фракцияси депутатлари Наврўз Ризаев, Ғайрат Абдиев, OʼzLiDeP Самарқанд вилоят, Ургут туман Кенгашлари аъзолари, тумандаги ташкилотлар раҳбарлари, педагог-ўқитувчилар ҳамда ёшлар вакиллари иштирокда Ургут туманида «Конституциянинг ягона манбаи ва муаллифи – халқдир» мавзусида тадбир ўтказилди.
Қайд этилганидек, жорий йилнинг 20 май куни Олий Мажлис палаталари Кенгашлари томонидан Конституциявий комиссия тузилиб, фаолиятини бошлади. Комиссия таркибига депутатлар, сенаторлар, Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан вакиллар, фуқаролик жамияти институтлари, ҳуқуқшунослар, сиёсатшунослар ва бошқа мутахассислар киритилди. Аҳолидан бу борадаги таклифларини қабул қилиш учун бир қатор платформалар ишга туширилди. Айни пайтда таклиф ва фикрлар “Meningkonstitutsiyam.uz” электрон платформаси, “Telegram” мессенжеридаги махсус бот, 1341 қисқа рақамли Call-маркази, почта алоқаси, маҳаллалар, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари орқали қабул қилинмоқда.
Қисқа даврда Комиссияга фуқароларимиздан жами 60 мингдан ортиқ таклиф келиб тушди.

Президентимиз 20 июнь куни Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашди ва тўртта устувор йўналиш бўйича ўз таклифларини илгари сурди. Ушбу жараёнларда Конституция лойиҳасини умумхалқ муҳокамасида кўриб чиқиш ҳамда референдум ўтказиш йўли билан қабул қилиш таклиф этилди.
Мухтасар айтганда, бугун барча саъй-ҳаракатлар инсон ва унинг манфаатлари устуворлигига қаратилган экан, Бош қомусимизга киритиладиган барча ўзгартишларнинг негизида ҳам Ўзбекистонда кечаётган ислоҳотлар моҳиятини белгиловчи улуғвор ғоя – «Инсон қадри учун» – шиори яққол ифодаланиши лозим.
Олий Мажлис депутатлари йиғилганларга «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Конституциявий қонун лойиҳасининг аҳамиятини атрофлича тушунтирдилар. Тадбирда сўз олганлар мавзу юзасидан ўз таклиф-мулоҳазаларини билдирди.
Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг