«Конституция — фаровон ҳаётимиз ва тараққиётнинг асосий пойдевори»

06:41 24 Ноябрь 2021 Жамият
1995 0

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ахборот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 29 йиллигига бағишлаб Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси томонидан ўтказилган тадбир ана шундай номланди.

Унда Қонунчилик палатаси депутатлари ва Девони ходимлари, Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси вакиллари ҳамда Ёшлар парламенти аъзолари иштирок этди.

Қайд этилганидек, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига амал қилинишини таъминлаш, ҳар бир шахснинг қадр-қимматини эъзозлаш биз барпо этаётган очиқ, эркин ва адолатли жамиятнинг ажралмас хусусиятидир. Бундай принцип Асосий қонунимизда қатъий белгиланган. Асосий қонунимиз ўзининг тамойиллари ва қоидалари билан мамлакатимиз тақдири, ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини белгилашда муҳим ҳужжатдир.

Бош қомусимизнинг 13-моддасида Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланиши, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши, демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилиниши белгилаб қўйилган.

Шу маънода, Президентимиз раҳбарлигида инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бўйича барча соҳада, айниқса, суд-ҳуқуқ тизимида чуқур ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, халқ фаровонлигини оширишга қаратилган амалий ишлар эса жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилмоқда.

Тадбирда мамлакатимизнинг ҳар томонлама равнақ топишида, одамларнинг бахтиёр яшашида Бош қомусимиз маёқ бўлаётгани, халқимизнинг тинч, обод ва фаровон ҳаётини таъминлаш, жамият ҳаётининг барча соҳаларида олиб борилаётган ислоҳотларнинг муваффақиятли амалга оширилишида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилаётгани таъкидланди.

Конституциямиз шахс, жамият ва давлат ўртасидаги муносабатларда ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятлар ҳамда уларнинг кафолатларини аниқ-равшан белгилаб бергани, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, юртимиз фуқаролари тенглигининг кафолатланишини эътироф этган ҳолда замонавий демократик тараққиёт учун замин яратгани қайд этилди.

Тадбирда сўз олганлар Конституциямиз миллий тараққиёт йўлини белгилаб берувчи инсонпарвар, халқчил қомус сифатида барча соҳада кенг имкониятлар эшигини очиб бергани, миллий қадриятларимиз асосига қурилгани, ўзида халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган жиҳатларини акс эттиришини таъкидлаб ўтдилар. Хусусан, ривожланган, тараққий топган давлатларнинг тарихий тажрибасига таянган ҳолда яратилган Асосий қонунимизда ўз ифодасини топган адолат принципини амалда таъминлаш бўйича сўнгги йилларда тизимли ишлар олиб борилгани қайд этилди.

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер