Кўнгиллилар кўмаги қўл келмоқда
Бухоро шаҳридаги “Ёшлик” спорт мажмуасида жойлашган Ҳомийлик маблағларини мувофиқлаштириш марказида ишчан муҳит ҳукмрон.Махсус “Call center” гуруҳи аъзолари замонавий ахборот воситалари орқали мурожаатларни қабул қилиб олишаяпти. Зудлик билан шу ва маҳалла фуқаролар йиғинларидан тушган маълумотлар асосида ёрдамга муҳтож фуқаролар рўйхати шакллантирилмоқда. Кўнгиллилар эса карантин тартиб – қоидаларига амал қилган ҳолда озиқ – овқат маҳсулотларини қадоқлаш ва ажратилган машиналар воситасида уларни манзилга етказиш билан машғул.

-Эҳтиёжманд, якка – ёлғиз, ногирон фуқароларга зарур ёрдам кўрсатишда бизга кўнгиллилар кўмаги асқатмоқда,-дейди маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Бухоро шаҳар бўлими раиси ўринбосари Усмон Жўраев. - Ҳозир марказимизда Саиджон Қўшшаев бошчилигидаги эллик нафарга яқин ёш кўнгилли сифатида ишлаб, юртдошларимиз ташвишини енгиллаштирга беғараз ҳиссаларини қўшишмоқда.Қийин аҳволга тушиб қолган фуқароларга зудлик билан манзилли ёрдам кўрсатиляпти. Ҳомийлик ёрдамларини хавфсиз етказиш мақсадида дезинфекция ишлари амалга оширилмоқда.Тиббий хизмат ходимлари ҳам фаолият кўрсатишмоқда.Дарвоқе, кўнгиллиларимиз манзилли ёрдам кўрсатаётиб, фуқароларга “Асло хавотирга тушманг. Давлатимиз Сизни ёлғизлатиб қўймайди.Фақат уйда қолсангиз бас”, дейишни унутишмаяпти.
Маълумотларга қараганда, марказ иш бошлаган қисқа вақт ичида Бухоро шаҳрида истиқомат қилувчи аҳолидан 600 дан зиёд мурожаат келиб тушди. Мурожаатчиларнинг 500 нафаридан ортиғига кундалик зарур маҳсулотлар – ун, картошка, гурунч, шакар, макарон етказиб берилди.Жараён давом этмоқда.
Истам ИБРОҲИМОВ,
“Халқ сўзи”
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг