Кўнгилларга шодлик улашиб...
Фото: Халқ сўзи
Андижон шаҳридаги «Яхши» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Зулфия Шокирова кам таъминланганлар рўйхатида туради. Тўғри, бу оилага доимий равишда моддий кўмак бериб келинади. Бироқ инсоннинг қора қозонни қайнатишдан бошқа ташвишу орзу-ҳаваслари ҳам бўладики, баъзан қўлнинг калталик қилиши унинг қаддини букади, руҳини синдиради.
Бундай тушкунлик Зулфияни ҳам четлаб ўтмади. Ана шундай кунларнинг бирида «Маҳалла» хайрия жамоат фонди Андижон вилояти бошқаруви унинг жонига оро кирди.
— «Маҳалла» фонди ташаббуси билан ўғлим Аслбекнинг суннат тўйи ўтказилди, — дейди аёл мамнунлик билан. — Гап тўй-тантанада, сарфланган харажатда ҳам эмас. Муҳими, сени қўллаб-қувватлаб турадиган, оғир дамларингда ҳол сўрайдиган инсонларнинг борлиги қалбингга малҳам бўлар экан. Оиламизга кўрсатилган бу ғамхўрликдан сўнг мен ва оилам жамият эътиборида четда қолиб кетмаганимизни яна бир бор қалбан ҳис қилдик.
Биргина Зулфия эмас, балки шу куни «Маҳалла» хайрия жамоат фонди томонидан ташкил этилган суннат тўйида Аслбек сингари 17 нафар тўй болаларнинг оналари ҳам қувонч кўз ёшларини яшира олишмайди. Ташкилотчилар томонидан тўй болаларга совға-саломлар улашилди.
— Фондимиз томонидан кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш ишлари кенг қамровда йўлга қўйилган, — дейди фонднинг Андижон вилояти бошқаруви ходими Кенжавой Шамшатов. — Мисол учун, йилнинг ўтган даврида 80 нафар ҳамюртимиз хонадонида бўлиб, уларга 40 миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари ва кундалик эҳтиёж моллари етказиб берилди. Бундан ташқари Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронт орти фахрийлари, кекса авлод вакиллари, Меҳрибонлик ҳамда Мурувват уйи тарбияланувчилари, Саховат уйларида истиқомат қилаётганларнинг ҳолидан хабар олиб, зарурий кўмакларни бериш доимий диққат-эътиборимизда.
Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг