Коммунал соҳада аҳоли мурожаатларига муносабат қандай?
Фото: Халқ сўзи
Сир эмаски, юртимизда ҳавонинг кескин совиб кетиши билан халқимизнинг энергетика ва коммунал соҳа вакилларига мурожаати кескин ошиб кетди. Сабаби аниқ – электр энергиясидаги чекловлар, газнинг етишмаслиги ва унинг ортидан ичимлик суви ҳамда бошқа муаммолар одамларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Маълумотларга кўра, бугунги кунда Самарқанд вилоятида 898 минг 73 та электр энергияси истеъмолчилари бўлиб, шундан 853 минг 662 таси аҳоли хонадонлари, 44 минг 411 таси улгуржи истеъмолчилар ҳисобланади. Уларга электр энергияси 142 та нимстанция, 11 минг 480 та трансформатор пункти ва 27,915 минг километр узатиш тармоқлари орқали етказиб берилмоқда.
Тўғри, бугун, айниқса, Самарқанд шаҳридаги кўп қаватли уйларда яшовчи аҳолига ҳозиргидек аномал совуқ кунларда осон бўлмаяпти. Гап шундаки, шаҳар ҳудудидаги аҳоли аксарият кўп қаватли уйдаги хонадонларини фақат электр энергияси ҳисобига иситади. Аммо ҳозирда аҳолига режага нисбатан анча кам электр энергия етказиб берилаётгани боис жойларда «свет ўчиш»лар кузатилмоқда.

Мутахассислар буни совуқ ҳаво оқими туфайли магистраль газ тармоқларида табиий газ босимининг кескин пасайиши кузатилиб, иссиқлик электр станцияларига кам миқдорда газ етиб бориши натижасида электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми тушиб кетгани билан изоҳлаяптилар. Оқибатда юқори ва паст кучланишли электр тармоқлари ҳамда трансформаторларда авариялар вужудга келишининг олдини олиш мақсадида электр таъминотида чекловлар киритилмоқда, дейишмоқда.
Энергетиканинг яна бир тармоғи газ билан боғлиқ. Совуқ ҳаво оқими туфайли магистраль тармоқларда табиий газ босимининг пасайиши кузатилиб, бунинг ортидан юзага келаётган муаммолар энг кўп аҳолига эга бўлган Самарқанд вилоятида табиий газ таъминоти қониқарсиз аҳволда эканлигини кўрсатмоқда.
Бугунги кунда вилоятда юздан зиёд маҳаллада табиий газ босимининг пасайиши ёки газ таъминотида узилишлар кузатиляпти. Тўғри, аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини «зангори олов» билан таъминлаш мақсадида барча зарур чоралар кўриляпти. Жумладан, автомобилларга сиқилган газ қуйиш шахобчаларига газ етказиб бериш вақтинчалик чекланди, йирик саноат объектлари, кафолатланмаган ташкилотлар ва хусусий сектор ҳам вақтинча тармоқдан узилгани табиий газни аҳоли эҳтиёжлари учун йўналтиришга имкон яратмоқда. Шундай бўлсада, газ қувурларидаги босимнинг меъёрдан пастлиги сабабли кўплаб хонадонларда табиий газ етиб бориши беқарорлигича қолмоқда.
Суюлтирилган газ таъминотида ҳам аҳвол шу. Бундан эса халқ норози.
Шундай экан, ҳозирги совуқ ва энерготақчиллик вақтида энг кўп қайси ташкилотлар аҳоли билан мулоқотда бўлиши керак? Табиийки, коммунал соҳа ташкилотлари.
Аммо аномал совуқ бошланиб, кўп жойларда газ ва электр таъминотида муаммолар юз бера бошлагач, бу соҳадаги иккита асосий ташкилотда икки хил муносабат кўзга ташланмоқда.
Вилоят электр тармоқлари тизимида кунлик авариялар, узилишлар ва муаммолар тан олингани ҳолда маълумотлар бериб бориляпти. Ҳатто ижтимоий тармоқлардаги ҳар бир мурожаат ва постга ҳам муносабатлар билдириляпти. Газ таъминоти соҳасида эса худди ҳеч нарса бўлмаётгандек, аҳоли шикоятлари, саволлари жавобсиз, очиқ қолмоқда.
Ҳозирги мавжуд ҳолат ҳақида Самарқанд вилоят электр тармоқлари берган маълумотга кўра, сўнгги ўн кунда 300 дан ортиқ трансформаторлар босимга дош бермай, ишдан чиққан, иккитаси ёниб кетган. Деярли ҳаммаси тузатилган ва яроқсиз бўлиб қолганлари алмаштирилмоқда. Мурожаатлар сони мингдан ошиб кетган, вилоят ҳокимлиги кўмаги билан тезда қўшимча авария гуруҳлари ва махсус техникалар ташкиллаштирилган.
Аммо «Ҳудудгаз Самарқанд» газ таъминоти филиали мутасаддиларида вазият қандай? Нима ишлар қилиняпти? Аҳолининг мурожаатларига қанчалик эътибор қаратиляпти? Афсуски, бу саволларга ҳеч қандай жавоб йўқ!
«Самарқанд сув таъминоти» МЧЖга ҳам аномал совуқ кунлари соҳа бўйича мурожаатлар сони кескин ошиб кетди. Маълумотларга кўра, тизимда вилоят бўйича 9-15 январь кунлари оралиғида 203 та шикоят келиб тушган. Шундан 188 таси жойида бартараф этилган. 15 таси бир неча кун талаб этган.
Авария ҳолатларини бартараф этиш учун 26 та бригада тузилган бўлиб, 109 та ишчи-ходим, 27 та махсус техника жалб этилган. Соҳада туманлардан келган энг кўп сув тортадиган насос, сув минораси ва бошқа иншоотлар музлаб қолгани бўйича мурожаатлар келиб тушган. Насосдан сув минорасигача, сув минорасидан истеъмолчиларгача бўлган тармоқларни эритиш ишларига асосий эътибор қаратилган. Кейинги кунларда кундузи ҳаво ҳарорати кўтарила бошлагач, бу турдаги мурожаатлар сони камайгани ҳам рост.
Яна бир масала. Бугун аксарият кўп қаватли уйларнинг олдида подъездларга кириш жойлари ва пиёдалар йўлакчалари ўз вақтида қордан тозаланмагани учун музлаб қолганини кўрасиз. Музламалардан юриш эса, айниқса, кексалар, ҳомиладор аёллар, кичик ёшдаги болалар учун хавфли. Шундай экан, йўлакларни, уй атрофларини қору муздан тозалашда ҳудудга хизмат кўрсатувчи ташкилотлар, ободонлаштириш ходимларидан ташқари маҳалла фаоллари ва хонадон эгалари ҳам ҳашар қилиб, фаоллик кўрсатса, нур устига нур бўлар эди.
Аммо буниси энди алоҳида мавзу.
Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг