Комбинат олтини яна шоҳсупада

17:08 29 Август 2019 Жамият
1625 0

Навоий кон-металлургия комбинатига Лондон олтин қуймалари бозори ассоциацияси (LBMA – London Bullion Market Association) томонидан бозор талабларига тўла риоя қилиш борасида навбатдаги тест синовларидан муваффақиятли ўтганлигини тасдиқловчи сертификат тақдим этилди.

Таъкидлаш жоиз, Лондон олтин қуймалари бозори ассоциацияси жаҳонда аффинаж қилинган олтин ишлаб чиқарувчи ташкилотлар маҳсулоти сифатини назорат қилувчи нуфузли ташкилот ҳисобланади. НКМК 1996 йилдан буён мазкур ассоциацияда олтин аффинаж қилувчи ташкилотларнинг “Ишончли маҳсулот” ишлаб чиқарувчилар рўйхати аъзоси ҳисобланади. Шу асосда комбинат маҳсулоти ҳар уч йилда бир марта тест синовларидан ўтказиб келинади. Синовларда бу гал ҳам муваффақиятли натижа қайд этилди.

Шу ўринда комбинат олтин қуймалари 1998 йилдан Токио хом-ашё биржасида (ТОКОМ) қуйилган талабларга тўла жавоб бера олиши туфайли ТОКОМ сертификатига ҳамда 2017 йили Европа сифат тадқиқотлари жамиятининг “Маҳсулот сифати муқобиллигини бошқариш йўналишида эришилган муваффақиятлари ва маҳсулот сифати назоратини олий даражада ташкил этиш” йўналишида ғолибликни қўлга киритганлигини таъкидлаш жоиз.

НКМК маҳсулотининг халқаро миқёсда бундай юксак даражада эътироф этилиши комбинат жамоасининг мамлакатимиз мустақиллигининг 28 йиллигига муносиб туҳфасидир, дея эътироф этади НКМК Матбуот маркази. 

Темур ЭШБОЕВ, (“Халқ сўзи”).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер