Кўклам юмушлари бошланди
Кўкламнинг илк кунидан юртимиз қишлоқ хўжалиги ходимлари томонидан кузги бошоқли экинларни озиқлантириш ва суғориш ишлари бошлаб юборилди.
— Юз гектар майдонда буғдой парваришламоқдамиз, — дейди Избоскан туманидаги «Чўнгбоғиш» фермер хўжалиги раҳбари Улуғбек Охунов. — Биринчи суғориш амалиёти сифатли ўтди. «Норин-Қорадарё» ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси томонидан гидроучастка ва гидропостлар мавсумга тайёр ҳолга келтирилгани, ички сув йўлларининг эртароқ тозалангани учун биринчи суғориш амалиёти қийинчиликсиз ўтди.
Айтиш жоиз, «Норин-Қорадарё» ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ходимлари куз-қиш давомида гидроучастка ва гидропостларни баҳорги мавсумга тайёрлаш ишларини бир кун бўлса ҳам сусайтирмади.

— Ҳозирга қадар 120 та гидропост жорий ва капитал таъмирдан чиқарилди, — дейди Избоскан туман ирригация бўлими бошлиғи ўринбосари Абдуллатиф Юсупов. — Ички тармоқларни тиклаш ва таъмирлаш бўйича 9,9 километрлик масофадаги ариқлар мавсумга шай ҳолатга келтирилди.
Суғориш тармоқларининг соз ҳолатда бўлиши деҳқон-миришкорларнинг экин-тикин ишларини сифатли амалга оширишида муҳим омил бўлмоқда.
Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг