Кўҳна кентга улкан муҳаббат ила
Фото: Халқ сўзи
Самарқанд шаҳридаги Ёшлар марказида ёзувчи, шоир, таржимон ва олим, халқимизнинг суюкли фарзанди Муҳаммад Али билан ижодий учрашув бўлиб ўтди.

Адабиёт ихлосмандлари, талаба-ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган тадбирда Самарқанд вилоят ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Муҳаммад Алига самимий тилаклар изҳор этган ҳолда ҳокимликнинг эсдалик совғаларини топширди.
Самимий, кўтаринки руҳда ўтган учрашувда сўзга чиққанлар таниқли шоир ва ёзувчи Муҳаммад Али Андижонда туғилиб, айни пайтда пойтахтда яшаётган бўлсада самарқандликлар билан қалбан бирга эканлиги, бу кўҳна кентга улкан муҳаббати унинг асарларида ёрқин акс этиб туришини таъкидладилар. Ёзувчининг «Сарбадорлар», «Улуғ салтанат» каби қатор беназир асарлари буни яна бир бор исботлайди.
Учрашувда Муҳаммад Али ҳаёти ва ижодига бағишланган ҳужжатли фильм намойиш этилди. Унинг қаламига мансуб шеърлар ўқилди.
Эртага Самарқанд гарнизони Маънавият ва маърифат марказида ҳарбийлар иштирокида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али билан ижодий кеча ўтказилиши режалаштирилган.
Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи»
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг