Когонлик йигит ихчам инкубатор яратди
Фото: Халқ сўзи
Собиқ Бухоро политехника касб-ҳунар коллежини тугатган, Когон тумани Сараён маҳалласида яшовчи Беҳруз Саидмуродов товуқ ва бедана жўжаси очадиган ихчам инкубатор яратди. Бу турдош ускуналарга қараганда арзонлиги, иш жараёни соддалиги ва соатига атиги ярим киловатт электр энергияси сарфлаши билан ажралиб туради.
— Бу инкубаторда бир пайтнинг ўзида 1,5 мингтагача бедана жўжаси чиқариш мумкин, — дейди Беҳруз Саидмуродов. — Унда инкубатор ишини назорат қилиб турувчи автоматик ускуна ўрнатилган. Мабодо, дейлик, инкубаторда намлик даражаси меъёрдан паст бўлса, ускуна огоҳлантирувчи сигнал беради. Уни яратишимда паррандачилик соҳасида узоқ йиллар ишлаган раҳматли бобом Саидмурод Жўраевдан ўрганганларим асқатди. Отам ҳам шу соҳа сир-асрорларидан яхши хабардор. Инкубаторда жўжа очиш ва уларни сотиш ортидан рўзғор каму кўстини тўлдиряпмиз.
Сараён маҳалласида ҳоким ёрдамчиси вазифасида фаолият юритаётган Нодир Жумаевнинг таъкидлашича, Когон тумани ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Когон туман Халқ қабулхонаси билан ҳамкорликда Беҳрузга ўхшаган ташаббускор, янгиликка иштиёқманд ёшлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Бу эса аҳоли бандлигини таъминлашда оқилона ечим бўляпти.
Сараёнда маҳалланинг ўсиш нуқтаси сифатида кўрилаётган паррандачилик, хизмат кўрсатиш ва деҳқончилик соҳаларидаги имкониятлар ишга солиниши эвазига жорий йилда 309 та янги иш ўрни яратиш кўзда тутилган.
Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг