Когон туманида метеорологик радиолокатор ўрнатилди

15:32 31 Март 2022 Жамият
1020 0

Фото: «Халқ сўзи»

Бухоро вилояти Когон туманида метеорологик радиолокатор (МРЛ) ускунаси ўрнатиш ишлари ниҳоясига етказилди.

Президентимизнинг 2020 йил 17 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикаси гидрометеорология хизмати фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ 2021-2023 йиллар давомида «Ўзгидромет» жойларда атмосферани масофадан ва радиолокацион зондлашнинг замонавий воситаларини жорий қилиши белгиланган. Шундан келиб чиққан ҳолда Бухоро вилояти ҳудудига метеорологик локаторлар ўрнатиш орқали иқтисодиётнинг об-ҳавога боғлиқ тармоқлари фаолияти ва аҳоли хавфсизлигини таъминлаш айни зарурат эди.

Ушбу мақсадда Финляндиянинг “VAISALA OyJ” компанияси билан метеорологик радиолокатор ускунасини етказиб бериш, ўрнатиш ва ишга тушириш бўйича келишув расмийлаштирилди. Пировардида ускуна 15 метр баландликдаги металл-конструкция устунга ўрнатилди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, метеорологик локатор 200 км радиусда мавжуд ва кутилаётган об-ҳаво ҳодисалари тўғрисида, жумладан, булутлар оқими ва тури, шамол тезлиги ва йўналиши, ёғинлар миқдори ва тури (ёмғир, дўл, қор) ҳамда унинг давомийлиги, момақалдироқ содир бўлган ҳудудларни визуализация қилиш орқали метеорологик карталарга туширади. Давлат ва нодавлат секторни иқлим ўзгаришларини олдиндан хабардор қилиш имкониятини яратади. Маълумотлар ҳар 10 дақиқада янгиланади. Улар мунтазам тарзда «Ўзгидромет»нинг метеорологик локаторлар географик ахборот-таҳлилий геопорталига узатиб борилади.

Охирги йилларда бу каби жуда тез ҳосил бўладиган хавфли ҳалокатли гидрометеорологик ҳодисаларни аниқлаш ҳозирги кунда турли иқлимий моделларга ҳам қийинчиликлар туғдирмоқда. Демак, катта масофаларни «кўра» оладиган замонавий доплерли метеорологик радиолокатор маълумотларига эҳтиёж ортмоқда. Бу каби бир нечта ускуналарнинг интеграциялашган маҳсули атмосферадаги фактик об-ҳаво жараёнларни реал вақтда кўрсатиш имконини беради.

— Ҳозирга қадар бизда бундай технологик ускуна йўқ эди,— дейди Бухоро вилоят метеорология бошқармаси бошлиғи Мухтор Ҳусаинов.-Умумий қиймати 11 миллиард 230 миллион сўм бўлган мазкур лойиҳанинг иқтисодиёт тармоқлари, жумладан, аграр соҳага жуда катта фойдаси тегади.

Келгусида шу каби метеолокаторларни ягона платформага бирлаштириш натижасида республика ҳудудини тўлиқ қамраб олувчи ер усти метеорологик радиолокаторлар ягона тармоғини ташкил этиш кўзда тутиляпти. Натижада иқтисодиётнинг об-ҳавога боғлиқ тармоқлари фаолияти барқарорлиги ва аҳоли хавфсизлигини таъминлашга эришилади.

Истам ИБРОҲИМОВ,

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер