Клаус Манголд: «Ўзбекистон Берлиндаги туризм ярмаркасида иштирок этиши жуда муҳим»
24 февраль куни Маданият ва туризм вазирининг биринчи ўринбосари Улуғбек Аъзамов ва Германиянинг «Mangold Consulting GmbH» компанияси раиси, профессор Клаус Манголд ўртасида онлайн учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувдан кўзланган мақсад – Ўзбекистоннинг Европа ва бутун дунёдаги мавқейини ошириш, хусусан, мамлакатнинг бой маданияти ва туризм салоҳиятини хорижда кенг намойиш этишдир.
Таъкидлаш керакки, Германия туристик ассоциацияси (DRV) билан ҳамкорликда «Destination Forum» лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган. Унга кўра, 2023 йилнинг май ойида DRV таркибига кирувчи Германиянинг энг салоҳиятли туристик операторлари ва энг йирик туристик агентликлари вакиллари (умумий 70 кишига яқин) учун Ўзбекистонда семинар ташкил этиш кўзда тутилган. Учрашувда ана шу масала юзасидан ҳам музокаралар олиб борилди.
К.Манголд, шунингдек, Маданият ва туризм вазирлиги вакилларининг жорий йилнинг 7–9 март кунлари Германиянинг Берлин шаҳрида бўлиб ўтиши режалаштирилган «ITB-Berlin» сайёҳлик ярмаркасидаги иштирокидан манфаатдор эканлигини ва мазкур ташриф Ўзбекистон ва Германиянинг туризм соҳасидаги алоқаларини янада мустаҳкамлашини таъкидлаб ўтди.
Қайд этиш жоизки, «ITB-Berlin» (Берлиндаги Халқаро туризм биржаси) – дунёдаги энг йирик сайёҳлик ярмаркаларидан бири бўлиб, ҳар йили Берлиндаги «Messe Berlin» йирик кўргазма мажмуаси ҳудудида ўтказилади.
Маълумот учун, 2022 йилнинг 23 ноябрь куни Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов ҳамда Клаус Манголд ўртасида учрашув бўлиб ўтганди. Учрашувда Ўзбекистонга европалик сайёҳлар оқимини ошириш, «Узбекистан» миллий брендини хорижда кенг тарғиб қилиш ва бошқа муҳим масалаларга эътибор қаратилган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг