Китобхонликни ривожлантиришда Андижон тажрибаси

15:54 25 Март 2022 Жамият
1147 0

Аввал хабар берилганидек, Фарғона вилояти ОАВ вакиллари Андижон вилоятида бўлиб, бу ерда рўёбга чиқарилаётган ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар билан яқиндан танишдилар. Фарғоналик журналистларда, жумладан, Андижонда оммавий китобхонликни ривожлантириш борасида қилинаётган ишлар катта қизиқиш уйғотди. Андижон шаҳрида қад ростлаган Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактаби, Чўлпон боғи уларда унутилмас таассуротлар қолдирди.

Андижон вилояти ахборот-кутубхона маркази ўзига хос тарихга эга. Айтиш керакки, бу ерда китобхонларни жалб этадиган оҳанрабо, жозиба бор. Яқинда маҳаллий бюджет маблағи ҳисобидан замонавий қиёфа касб этган марказда китобхонлар бир пайтнинг ўзида мутолаа завқини ҳис этиши ва енгил тамадди қилиб олиши учун “Book kafe” ташкил этилган. Шу билан бирга оилавий ташриф буюрувчиларнинг фарзандлари учун эртакнома шаклда мўъжаз кутубхона, болалар хонаси очилган. Бевосита оилавий китобхонлар билан ишловчи махсус кутубхоначи фаолияти йўлга қўйилган.

— Оилавий китобхонлик учун шароит яратилгач, ўтган қисқа даврда доимий аъзоларимиз 3 минг нафарга кўпайиб, умумий китобхонларимиз сони 40 мингга яқинлашди, — дейди Андижон вилояти ахборот-кутубхона маркази бўлим бошлиғи Озода Бурхонова. — Китоб фондимиз янги бадиий адабиётлар билан бойитилиб, 900 минг нусхага яқинлашиб қолди. Шунингдек, 3 минг нусха электрон ресурслар яратилди ва бу жараён жадаллик билан давом этмоқда.

Аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб этиш соҳасида Андижонда тўпланган тажриба чиндан ҳам ибратга лойиқдир.

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер