«Китобхонлик ҳафталиги» доирасида туман кутубхонасига қарийб 60 миллион сўмлик китоб туҳфа этилади

10:12 16 Апрель 2026 Жамият
152 0

Хабарингиз бор, 13-17 апрель кунлари мамлакатимизнинг барча ҳудудларида «Китобсевар миллат» шиори остида VI Республика «Китобхонлик ҳафталиги» ги бўлиб ўтмоқда.

Ҳафталик доирасида Фарғона вилояти шаҳар-туманларида ҳам кенг қамровли маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилиб, адабиёт, шеърият ва китобхонлик байрамлари ўтказиляпти. Ёзёвон тумани ахборот-кутубхона марказида бўлиб ўтган юзма-юз мулоқот адабий-бадиий дастур, янги китоблар тақдимоти, ижодкорлар билан учрашув тарзида уюштирилди.

— Президентимизнинг 2026 йил 15 январдаги «Китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва аҳоли ўртасида китоб ўқишга қизиқишни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш бўйича туманимизда кўплаб ижобий ишлар амалга оширилмоқда, — дейди Ёзёвон тумани ҳокими ўринбосари Шероз Мирзалиев. — Яқинда туман ҳокимлиги ташаббуси билан марказий кутубхонага 50 миллион сўмлик — 1100 нусхадаги бадиий адабиётлар олиб берилган эди. Ҳафталик тадбирлари давомида кутубхонани турли адабиётлар билан янада бойитиш мақсадида қарийб 60 миллион сўм маблағ ажратилди. Яқин кунларда зиё масканига янги китоблар етказиб берилади.

Шу куни ёзёвонлик ижодкорлар Ўктамхон Солиева, Дилшод Ботирнинг янги китоблари тақдимоти ҳам ўтказилиб, байрам мушоира, театрлаштирилган бадиий дастур кўринишида давом этди. Севимли ижодкорлар кутубхонага ўз китобларидан совға қилишди.

Шунингдек, учрашувда маърифат зиёсини улашишда доимо фаол иштирок этиб келаётган Ёзёвон тумани маданият, мактабгача ва мактаб таълими бўлими масъуллари ҳамда баркамол авлод вакилларига бадиий китоблар улашилди.

Айни кунларда вилоят бўйлаб бу каби мароқли тадбирлар давом этмоқда.

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер