Китоб ўқиган бир бола, телевизор кўрган ўн болани бошқаради
Мутолаа ҳақида кўп ва хўп айтилган. Мисол учун, япон ўқувчилари китобни “инсониятнинг буюк кашфиёти” дея тан олишибди. Ростданам китоб бўлмаганда бошқа кашфиётлар қаёқда эди, дерсиз? Кунчиқар юртда сўнгги ярим асрда не-не мўъжизалар яратиш баробарида миллатнинг асрий қадриятларини сақлаб қолишга мутолаа асосий омил бўлганига мисоллар талайгина.
Мамлакатимиз раҳбарининг бугун китоб ўқиган бир бола, телевизор кўрган ўн болани эртага бошқаради, деган сўзларида ҳам фарзанд истиқболида юртнинг келажагини кўраётган отанинг ташвишлари мужассам. Шу асосда сўнгги йилларда республикамизда ноширлик фаолияти, китоб мутолааси билан боғлиқ бир қатор тадбирлар амалга оширилиб, адабиётга ошно тутинган ёшлар интилиши ҳам моддий, ҳамма маънавий рағбат топмоқда.
Анъанавий “Зукко китобхон” танлови шулардан бири бўлиб, унинг вилоят босқичида туман ва шаҳар босқичларида энг кўп балл тўплаган китобхонлар битта жамоа бўлиб ўз ҳудудлари шарафини ҳимоя қилишди.

— Танловда китобхонларнинг ёши чегараланмаган, — дейди вилоят ёшлар ишлари иттифоқи бошқармаси мутахассиси Зафар Ниёзов. — Унда етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган китобхонлар иштирок этишлари мумкин. Мана шу мезон нафақат ёшларимиз, балки оилаларда мутолаа муҳитининг шаклланишига замин яратмоқда. Оилада китобхонлик маданиятининг юксалиши жамиятда маънавий муҳит соғломлигининг гаровидир.
Танлов якунига кўра вилоятнинг Ғозғон шаҳри жамоаси биринчи, Қизилтепа ҳамда Учқудуқ туманлари жамоалари иккинчи ва учинчи ўринларни қўлга киритишиб, ташкилотчиларнинг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг