Китоб билан дўстлашган кишидан ҳаргиз ёмонлик чиқмагай

17:05 11 Октябр 2023 Жамият
322 0

Фото: “Халқ сўзи”

Бухоро шаҳридаги “Истиқлол” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи Гўзал Ражабова билан суҳбатлашган киши қаршисида ўқимишли, билимли, ўз дунёқарашига эга аёл турганини дарҳол пайқайди. Асл касби психолог бўлган бу юртдошимизнинг чиндан ҳам фикрлаш доираси кенг. Буни бир жиҳатдан унинг бадиий китобларни кўп мутолаа қилгани билан ҳам изоҳлаш мумкин.

— Яқинда “Китобхон оила” кўрик-танловининг вилоят босқичида қатнашиб, фахрли биринчи ўринни эгаллашга эришдик,— дейди у.—Биласизми, китобга меҳр, илму маърифатга чанқоқлик бизга отамерос, десам хато қилмайман. Оилада саккиз фарзанд эдик. Ота–онамиз қўлимизда китоб кўрган маҳал бизни бошқа юмушлар билан чалғитмасдилар. Яхши сўз айтиб, рағбатлантирардилар.

Барчамиз нуфузли олий ўқув юртларида таҳсил олиб, ҳаётдан ўз ўрнимизни топдик. Бунда оиладаги муҳитнинг, китоб мутолаасининг аҳамияти катта деб биламан. Шахсий кутубхонамизда ўзбек ва жаҳон адабиёти намоёндалари қаламига мансуб 500 тача китоб мавжуд. Уч нафар фарзандим бор. Уларни ҳам китоб, газета, журнал ўқишга қизиқтириб кам бўлаётганимиз йўқ.

Гўзал опанинг бу ҳақда алоҳида тўхталиши бежиз эмас. Унинг қизи, шаҳардаги 32–умумтаълим мактаби ўқувчиси Малика Тоҳирова ҳам китобга меҳр қўйган. Бу қиз “Ёш китобхон” танловининг вилоят босқичида 10–14 ёш тоифаси бўйича қатнашиб, ғолиблар қаторидан ўрин олди. Тадбирнинг республика босқичида ҳам муваффақиятли иштирок этиб, фахрли иккинчи ўринни эгаллади. Вилоят болалар кутубхонасининг фаол аъзоси саналган Малика 50 миллион сўм миқдоридаги пул маблағи билан тақдирланди.

— “Ёш китобхон”—2022 республика танлови якунига кўра, кутубхонамиз аъзоси, Бухоро шаҳридаги 30–умумтаълим мактабининг битирувчи синф ўқувчиси Муҳлиса Насимова биринчи ўринни эгаллаб, “Spark” автомашинаси билан тақдирланган эди,— дейди вилоят болалар кутубхонаси директори Наргиза Низомова.— Жорий йилда эса Малика Тоҳирова унга муносиб издош эканлигини кўрсатди. Биз шундай изланувчан, тиришқоқ, китоб ўқишга иштиёқманд ўғил-қизларнинг маънавий эҳтиёжларини қондиришдек эзгу ишга ҳисса қўшаётганимиздан мамнунмиз.

Дарҳақиқат, вилоятда мамлакатимиз Президентининг 2017 йил 13 сентябрдаги китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилишга қаратилган қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, ўқувчилар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Чунончи, мактабгача ва мактаб таълими тизими тасарруфидаги вилоят болалар кутубхонаси мавжуд 530 та мактаб кутубхонаси, 4 та махсус мактаб – интернатлари учун услубий марказ вазифасини ўтаяпти. Айни дамда       кутубхонанинг умумий фонди 108 509 нусха. Шундан босма фонд 96009 нусха, электрон кўринишдаги ресурслар эса 12500 ни ташкил этмоқда. Жами китобхонлар сони 23245 нафар. Китобхон ўқувчиларнинг ҳар бирига ўртача 5 донадан китоб тўғри келмоқда. Жорий йилда кутубхона фондини бойитиш мақсадида маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 80 000 000 сўм маблағ ажратилди.

— Масканимизда 22 та компьютер, 4 та сканер, 6 та принтер, 5 та нусха кўчириш аппарати мавжуд бўлиб, интернет тармоғи орқали фойдаланувчиларга хизмат кўрсатилмоқда, — дейди кутубхона директори ўринбосари М. Акрамова.— У “Электрон кутубхона” тизимига уланган. Ҳозирги кунга қадар “Рақамли кутубхона” платформасига жойланган адабиётлар сони 90300 нусхага етди. Бу умумий китоб фондининг 94 фоизини ташкил этмоқда.

Кутубхонанинг ўз сайти бор. Унда 22800 нафар фойдаланувчи, 25180 номда электрон китоблар мавжуд. Шунингдек, жамоат жойларида QR-кодлар ёрдамида электрон китоблар тўғрисидаги маълумотларни махсус таблоларда жойлаштириш ва уларни мобил қурилмаларга юклаб олиш ва ўқиш имкониятини яратиш, кутубхонада оммабоп китобларни тарғиб қилиш мақсадида 1000 дан ортиқ бадиий электрон ва аудио китобларнинг QR-кодлари яратилди.

Ўқувчиларнинг маънавиятини юксалтириш, уларнинг китоб мутолаасига бўлган қизиқишларини кучайтиришда “Мен ғолибман”, “Китоб тафаккур хазинаси”, “Таълим -2023» каби лойиҳалар муҳим ўрин тутмоқда. Вилоят миқёсида ўтказилган ўттиздан зиёд тадбирда 200 минг нафар умумтаълим мактаблари ўқувчилари иштирок этди, 100 дан ортиқ ёш ижодкорларнинг ижодий намуналари газеталарда чоп қилинди. Лойиҳа доирасида 13 та туман, шаҳарлар бўйлаб умумтаълим муассасаларида “Китоб бизни бирлаштиради” деб номланган ярмаркалар ташкил этилди. Китоб ярмаркасида 150 мингдан ортиқ ўқувчи қамраб олинди, ота-оналар ва уларнинг фарзандлари томонидан 700 миллион сўмлик 40 минг нусхага яқин китоблар харид қилинди, мактаб кутубхоналари фонди ҳам бойитилди. Ёзги таътил давридан ҳам унумли фойдаланилди. Ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида оромгоҳларда “Китоб оқшоми” фестивали ўтказилди. Бу каби тадбирлар кўплаб ёшларни китоб билан ошно этди, десак адашмаймиз.

— Китоб билан дўстлашган кишидан ҳаргиз ёмонлик чиқмайди,— дея мулоҳаза юритади бухоролик тарихчи олим Шодмон Ҳайитов.— Агар оила даврасида китобхонлик анъанаси йўлга қўйилса, бу хонадон болалари эс-ҳушли, ақлли, билимли, зукко, оқ билан қоранинг фарқига етадиган бўлиб вояга етадилар. Қайда бўлишмасин, “Отангга раҳмат” деган сўзни эшитишади. Бундай фарзандлардан ўша оила соҳиблари, қолаверса маҳалладагилар ҳам ғурурланишса арзийди. Афсуски, айрим хонадонларга кирсангиз, жавон тугул бирорта   бадиий китобни учратмайсиз.

Жадидларнинг маърифатпарварлик ғоялари таҳлилига бағишланган кўплаб мақолалар ёзган олим ҳақ. Яқинда вояга етмаганлар ўртасидаги жиноятчилик аҳволи ўрганилганида ножўя йўлларга кирган болалар лоақал битта бўлсада бадиий асар ўқимагани маълум бўлди. Бинобарин, китобхонлик масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган бир маҳалда баъзи ота-оналарнинг лоқайдлиги кишини хавотирга солади. Ваҳоланки, файласуфлардан бири айтганидек, китобсиз уй – жонсиз танадир.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер