Хўжалик бекаларининг устама пуллари суд орқали ундириб берилди
Кўп йиллик меҳнат фаолияти давомида ойлик маошим кам чиқди, деб жамоасидаги бухгалтерия билан ҳеч бўлмаганда бирор марта баҳслашмаган киши бўлмаса керак. (Баҳсда ютиб чиққанлар ундан ҳам кам десак, бу ҳам бор гап). Албатта, биз бугун ҳикоя қилаётган кишилар — Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий амалий тиббиёт маркази Навоий вилоят ҳудудий филиалининг хўжалик бекалари ҳам бир неча бор муассаса ҳисобчилари билан ойлик маошига тўланаётган устама миқдорининг камлиги бўйича бир неча бор баҳслашишган. Бироқ масала адлия идоралар аралашувига қадар ижобий ечим топмаган.
Хуллас, Навоий шаҳар адлия бўлими Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий амалий тиббиёт маркази Навоий вилоят ҳудудий филиалида хўжалик бекаси вазифасида ишлаб келаётган Гулноз Жалилова, Холида Турсунова, Нодира Ахатоваларнинг ойлик маошига тўланадиган устама миқдорининг камлиги юзасидан қилган мурожаати ўрганилганда ушбу тиббиёт муассасаси 2020 йилдан 2023 йилга қадар хўжалик бекаларининг ойлик иш ҳақига устамани кам тўлаб келганлиги аниқланди.
— Республика Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 10 сентябрдаги тегишли қарорига мувофиқ тиббиёт ташкилотларининг хўжалик бекаларига ҳар ой энг кам иш ҳақининг 25 фоизи миқдорида устама тўланиши белгиланган бўлсада,номи тилга олинган тиббиёт маркази ходимларига базавий ҳисоблаш миқдоридан келиб чиққан ҳолда устама тўловларини амалга оширишган, — дейди Навоий шаҳар адлия бўлими бошлиғи Азамат Холмуминов. — Яъни, бугунги кун билан ҳисобланадиган бўлса, 980 минг сўм ўрнига 330 минг сўмнинг 25 фоизи олиниб, шу асосда устама тўлаб келинган.
Навоий шаҳар адлия бўлимининг мазкур ҳолат юзасидан фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судига киритган даъво аризаси қаноатлантирилиб, суднинг ҳал қилув қарори билан Гулноз Жалилова ҳамда Холида Турсуноваларнинг ҳар бирига 8 миллион 209 минг сўмдан, Нодира Ахатовага эса 6 миллион 182 минг сўм иш ҳаққи устама пуллари ундирилди.
Шунингдек, бугун адлия бўлимига Навоий вилоят перенатал марказидан 8 нафар, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказидан 7 нафар, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказидан 6 нафар хўжалик бекаларининг мурожаатлари асосидаги даъво аризалари ҳам судда кўриб чиқилиб, мазкур муассасалар хўжалик бекаларининг эътирозлари ҳам ижобий ҳал этилди.
Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг