Хўжакўрсинликдан кимга наф?

15:18 24 Февраль 2022 Жамият
656 0

Фото: Халқ сўзи

Халқ билан мулоқотнинг самарали ечими сифатида ўзини оқлаган сайёр қабуллар жойларда йиллар давомида тўпланиб қолган ва аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлиб келаётган муаммоларни бартараф этишда муҳим ўрин тутмоқда.

— Сайёр қабулларда юртдошларимиз нафақат шахсий, балки ижтимоий аҳамиятга эга масалалар билан ҳам мурожаат қилишмоқда — дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг Когон туман Халқ қабулхонаси мудири Саид Мирзаев. — Яқинда «Мустақиллик» маҳалла фуқаролар йиғинининг Қизилгул қишлоғида ташкил этилган туман ҳокими сайёр қабулида шунга яна бир карра гувоҳ бўлдик.

Учрашувда кўплаб мурожаатлар тушди. Уларнинг аксариятига ечим ҳам топилди. Шу аснода қишлоқ аҳолисининг ҳудудда ўрнатилаётган бетон таянч устунлар масаласидаги шикояти ташкилотчилар эътиборини тортмай қолмади. Айтишларича, туман электр тармоқлари идораси томонидан бажарилаётган бу ишда стандарт талабларига риоя этилмаяпти. Бетон таянч устунларнинг ерга кўмиладиган қисми қора мазут билан бўялмасдан ўрнатилмоқда.

— Мурожаатни ўрганиш мақсадида қишлоқда ўрнатилган бетон таянч устунларнинг ерга кирган қисми ковлаб кўрилди, — давом этади қабулхона мудири. — Дарҳақиқат, уларнинг тупроқдан юқори қисми мазут билан бўялган, холос. Ерга кирган қисми эса шундоқлигича турибди. Бинобарин, аҳолининг эътирозида жон бор: гидроизоляция қилинмаган бетон устун вақт ўтган сайин ташқи таъсирлар оқибатида емирилади, хизмат қилиш муддати қисқаради. Бундан эса одамлар ва давлат зиён кўради. Ахир бундай бетон таянч устунлар учун озмунча маблағ сарфланадими?

Шундай экан, бунақа хўжакўрсинлик кимга керак бўлиб қолди, деган савол туғилади. Шу ишга масъул корхона мутасаддилари нега бу ҳолга ўз вақтида чек қўйишмади?

Айтмоқчи, аҳолининг бу мурожаати ҳам алоҳида эътиборга олинди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Когон туман Халқ қабулхонаси томонидан туман электр тармоқлари корхонасига йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тақдимнома киритилди.

Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер