Хўжайли ва Бўзатовда имтиҳонсиз “права” олиб беришни ваъда қилганлар ушланди
Қорақалпоғистон Республикасида ҳайдовчилик гувоҳномаларини олиб бериш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари фош этилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Қайд этилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда ДХХнинг Хўжайли тумани бўлимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Унда “A.B.” МЧЖ инструктори Б.А. фуқаро Ф.Т.нинг ишончига кириб, унга танишлари ёрдамида ҳеч қандай имтиҳон синовларисиз ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб бериши эвазига 8,8 млн сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шу каби, Департаментнинг Бўзатов тумани, ДХХ ва ИИВ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаролар Ж.А. ва Ж.К. фуқаро Т.Ш.нинг ишончига кириб, уни 700 АҚШ доллари эвазига танишлари ёрдамида ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун бўлиб ўтадиган имтиҳондан ўтказиб беришларини айтиб, 600 АҚШ долларини олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг