«Хотира — абадий, хотира — мангу»

10:43 10 Май 2022 Жамият
1853 0

9 май — Хотира ва қадрлаш куни халқимизнинг асрий қадриятлари, улуғ фазилатларидан бири. Эл-юртнинг тинчлиги, эрки ҳамда озодлиги учун курашган инсонлар ҳамиша халқимиз ардоғидадир.

Хотира бор экан миллат яшайди, инсонда ғурур, ифтихор туйғулари барқ уради. Хотира ўзликни англаш, ўтмишни доимо ёдда тутишга даъват этиб турадиган муқаддас туйғудир, у орқали инсон ўзига яхши хислатларни қарор топтириб боради. Хотирасиз миллат миллат бўла олмайди.

Ватан озодлиги ва мустақиллиги учун жон фидо этган боболаримиз хотирасини абадийлаштириб, бугун ҳам эл-юртимиз фаровонлигини юксалтириш, ёшларни тарбиялашга ҳисса қўшаётган фахрийлар ҳурматини жойига қўйиш, уларни эъзозлаш мақсадида 9 май — Хотира ва қадрлаш куни кенг нишонланди.

Шу мақсадда бизнинг мактабимизда ҳам «Хотира — абадий, хотира — мангу» шиори остида адабий-бадиий кеча ташкил этилди. Мазкур тадбирда таълим муассасамизда ишлаб, шу мактаб учун ўз меҳнатини аямаган фахрий устозлар, маҳалланинг кекса нуроний отахону онахонлари таклиф қилинди.

Тадбир авалида мактабда фаолият олиб борган фахрий устозлар ёдга олиниб, уларга атаб тайёрланган видеоролик намойиш этилди. 

Мактабимизнинг бошланғич синф ўқувчилари томонидан саҳналаштирилган чиқишлар, рақслар намойиши барчада катта таассурот қолдирди. Фахрий устозлар сўзга чиқиб, ўтмишдаги воқеалар ёдга олинди. 

Тадбиримиз фахрийлар учун ёзилган байрам дастурхонига уланиб кетди. Мактаб жамоаси томонидан ташкил этилган мазкур тадбир учун маҳалла фахрийлари ҳамда жонкуяр устозлар ўз миннатдорлигини билдириб, бугунги дийдор, «Инсон қадри учун» тамойили асосида амалга оширилаётган ишлар, тинчлик-осойишталик, фаровон ҳаётимиз учун шукроналик ҳиссини туйиб яшаётганини айтиб ўтишди. 

Тадбир сўнгида кеча қатнашчилари иштирокида ўйин кулги бўлиб, фахрийлар иззат-икром билан кузатиб қўйилди.

Зумрад Нажимхўжаева,

Сергели туманидаги 269-умумтаълим мактабининг бошланғич синф ўқитувчиси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер