Хоразмда қутлуғ байрам шукуҳи

09:19 02 Сентябр 2024 Жамият
278 0

Одилбек ОДАМБОЕВ/«Халқ сўзи». Мамлакатимиз мустақиллигининг 33 йиллик байрамини барча ҳамюртларимиз қатори Хоразм вилояти аҳли ҳам кўтаринки кайфият, муносиб ютуқлар, улкан бунёдкорлик ва яратувчилик ишлари билан кутиб олмоқда. Байрам арафасида вилоятнинг бир қатор ҳудудларида янги ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва инфратузилма объектлари, таълим масканлари, тураржойлар фойдаланишга топширилди. Хива шаҳридаги лойиҳа қиймати 80 миллиард сўм бўлган «Ҳумонур» савдо маркази, Урганч туманида 50 миллиард сўм маблағ сарфлаб бунёд этилган савдо мажмуаси, «Янги Ўзбекистон» массивларида қурилган кўп қаватли тураржойлар шулар жумласидандир.

Истиқлол байрамининг шукуҳи диллардан дилларга кўчиб, ҳар бир хонадонга, ҳар бир маҳаллага кириб борди. Байрам тадбирлари меҳнат жамоаларида, туман марказларида ҳар қачонгидан ҳам юксак савияда ўтказилмоқда.

Урганч шаҳридаги «Авесто» боғ мажмуасида «Бир бўлсак — ягона халқмиз, бирлашсак — Ватанмиз!» бош ғояси остида ташкил этилган байрам дастури юртдошларимиз ва хорижлик меҳмонларга ниҳоятда манзур бўлди.

Тантанада сўзга чиққан Хоразм вилояти ҳокими Жўрабек Рахимов воҳа аҳлини қутлуғ байрам билан табриклаб, ўтган давр мобайнида вилоятда амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари ҳақида тўхталди, юртимиз равнақи ва халқимиз бахт-саодати йўлида олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини, унинг самараларини фахр билан тилга олди.

Эл севган таниқли санъаткорлар, бахшию халфалар, фольклор жамоалари, эстрада хонандаларининг чиқишларида озод ва обод юртимиз, унинг толеи баланд меҳнаткаш халқи, бугунги дориламон кунларга шукроналик тараннум этилди. Жаҳон тамаддунига улкан ҳисса қўшган улуғ аждодларимизнинг буюк мероси, сўнмас жасорати рамзий чиқишлар орқали ифодаланди.

— Бу йилги байрам мен учун қўшалоқ шодиёнага айланди, — дейди Ўзбекистон давлат филармонияси Хоразм вилояти бўлинмаси раққосаси Дилноза Артикова. — Истиқлолнинг ўттиз уч йиллиги арафасида «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист» унвони билан тақдирландим. Кейинги йилларда юртимизда миллий рақс санъатини ривожлантиришга бўлган эътибор менинг санъат йўлидаги камолотимга кенг йўл очди. «Лазги» халқаро фестивали ва бошқа нуфузли танловларда Гран-при соҳиби бўлдим. Мақсадим миллий рақсларимизни жаҳон саҳналарида маҳорат билан ижро этиб, санъатимиз довруғини дунёга ёйиш!

Байрам тадбирлари вилоятнинг барча шаҳар ва қишлоқларида, маҳаллаларда давом этмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер