Хоразмда қатор туманларга замонавий тез тиббий ёрдам машиналари топширилди
Фото: Халқ сўзи
Маълумки, давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 16 июндаги «Аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида ҳудудлардаги тез тиббий ёрдам автотранспорт парки янгиланмоқда.

Жумладан, Хоразм вилоятига 8 та “Wolkswagen Caddy” русумли замонавий тез тиббий ёрдам машиналари келтирилди. Ушбу машиналар Урганч шаҳри, Хонқа, Янгиариқ, Хива, Қўшкўпир, Шовот ва Гурлан туманлари тез тиббий ёрдам станцияларига топширилди.
— Туманимиздаги энг чекка қишлоқлар 25 км узоқликда жойлашган, — дейди Хива туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари Олимбой Исоев. — Янги тез ёрдам машиналари келтирилаётгани шундай қишлоқлардан қабул қилинган чақирувларга тезкор равишда етиб боришга имкон бериб, шошилинч тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилайди.
Мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган замонавий тез тиббий ёрдам машиналаридан Хоразм вилоятига жорий йилда яна 12 та, келгуси йил эса 22 та келтирилиши белгиланган.
Одилбек ОДАМБОЕВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг