Хоразмда кузги кўчат экиш тадбирлари қизғин давом этмоқда
Фото: “Халқ сўзи”
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида мамлакатимизда жорий йил 25 октябрдан 1 декабргача кузги кўчат экиш тадбирлари ўтказилиши белгиланган бўлиб, бу борада воҳада қизғин иш олиб борилмоқда.

2023-йил куз мавсумида вилоят ҳудудига экиладиган кўчатлар бўйича манзилли дастур шакллантирилди. Унга кўра, 6 млн 156 минг туп мевали ва манзарали дарахт кўчатларини ўтқазиш кўзда тутилган. Давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар, маданият ва санъат намояндалари, таниқли спортчилар, ёшлар иштирокида ўтказилган кўргазмали семинар мавсумни сифатли ўтказишда муҳим аҳамият касб этади.

— Асосан вилоятимиз тупроқ ва иқлим шароитига мос гужум, каталпа, терак, тўронғи, толь каби манзарали, жийда, беҳи, узум, анор, анжир, тут каби мевали дарахт кўчатларини экяпмиз, — дейди Экология, атроф -муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг Хоразм вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Атабек Қличев. — Ҳудудларни кўкаламзорлаштиришда энг асосий масала сув таъминоти билан боғлиқ. Экилган кўчатларни суғориш учун 72 та янги сув қудуқлари ишга туширилди. Шунингдек, зарур жойларда томчилатиб суғориш технологияларини ҳам жорий этяпмиз.

Эътиборли жиҳати, кўчат экиш тадбирларида етти ёшдан етмиш ёшгача каттаю кичик барча, шунингдек турли миллат вакиллари фаол иштирок этмоқда.
— Кўчат экиш тадбирларида вилоятимиздаги миллий маданий марказлар ажойиб ташаббуслар билан чиқишяпти, — дейди “Ўзбек-Туркман” дўстлик жамияти раиси Давлатназар Ражабов.— Бугунги кунда Хоразм вилоятида 30 га яқин миллат вакиллари бир оила фарзандларидай аҳил-иноқ яшамоқда. Ўзбекистон – барчамизнинг умумий уйимиз. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасида биз ҳам фаол қатнашамиз. Жонажон Ватанимизни боғ-роғларга буркаш, атроф-муҳит мусаффолигини асраш ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиздир.

Вилоят ҳудудида 34,7 гектар майдонда “Яшил боғлар” ва 84 та саноат корхоналари жойлашган манзилларда 125 гектар майдонда “Яшил белбоғлар” барпо этилади. Яшиллик оламига бурканадиган бу масканлар халқимиз, воҳа меҳмонлари ташриф буюриб дам оладиган, мириқиб ҳордиқ чиқарадиган сўлим гўшаларга айланади. Кўчат экиш нуроний отахонларнинг эзгу дуолари билан бошлаб юборилди.
Одилбек Одамбоев, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг