Хоразмда 160 та оила “Янги Ўзбекистон” массивларидаги уйларга кўчиб кирди

18:31 03 Июль 2023 Жамият
582 0

Фото: “Халқ сўзи”

Қўшкўпир туманидаги “Ёвғир” маҳалласида 33 гектар майдонда қад ростлаётган “Янги Ўзбекистон” массиви аҳоли учун муносиб турмуш шароитига эга замонавий шаҳарчага айланиб бормоқда.

Лойиҳа бўйича бу ерда кўп қаватли турар жой бинолари билан бир қаторда ижтимоий инфратузилма объектлари, яшил майдонлар барпо этилмоқда. Шу кунгача ҳудудда 11 та кўп қаватли турар жойлар қуриб фойдаланишга топширилган эди. Яқинда яна 40 та хонадон калитлари ўз эгаларига топширилди. Йил охиригача ушбу даҳада 18 та кўп қаватли уй-жойлар барпо этилади.

Фото: “Халқ сўзи”

Янгиариқ туманининг “Дўстлик” маҳалласи ҳудудида барпо этилаётган “Янги Ўзбекистон” массивида эса 37 та кўп қаватли турар жой қурилиши режалаштирилган бўлиб, шундан 15 таси жорий йилда қуриб фойдаланишга топширилади. Куни кеча ушбу ҳудуддаги 60 та оила янги уйларда ҳовли тўйларини нишонлаш бахтига муяссар бўлдилар. Янги 3 та кўп қаватли уйнинг фойдаланишга топширилиши муносабати билан ўтказилган тантанали тадбирда Хоразм вилоят ҳокими Жўрабек Раҳимов, нуронийлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.

Тантанали тадбирда мамлакатимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва уларни уй-жой билан таъминлаш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар ижроси доирасида 5 нафар аёлга ижтимоий уйлар калитлари топширилиб, қўшимча рағбат сифатида музлатгич совға қилинди, шунингдек, шу куни бир қанча фуқаролар субсидия асосида янги уй соҳиби бўлдилар.

Фото: “Халқ сўзи”

Тупроққалъа туманидаги “Обод” маҳалласи ҳудудида барпо этилаётган “Янги Ўзбекистон” массиви 20 гектар майдонни эгаллаган бўлиб, бугунгача 280 хонадонли 12 та кўп қаватли уй қуриб битказилган эди. Эндиликда 3 та янги уйда жойлашган 60 та хонадон калити ўз эгаларига топширилди. Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда сўзга чиққанлар бу – аҳолининг уй-жой таъминотини яхшилаш мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш борасида олиб борилаётган эзгу ишларнинг яна бир амалий ифодаси эканини таъкидладилар.

2023 йил якунигача ушбу массивда яна 140 оилага мўлжалланган 7 та кўп қаватли уй қуриб фойдаланишга топширилади. Шунингдек, 360 ўринли мактабгача таълим ташкилоти, 4 та тадбиркорлик объекти ва 50 ўринга мўлжалланган оилавий поликлиникада аҳолига намунали хизмат кўрсатиш учун барча қулайликлар яратилади.

Одилбек ОДАМБОЕВ, “Халқ сўзи”. 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер