Хонариқликлар 25 минг тонна сабзи етиштиришни мўлжаллашмоқда
Фото: “Халқ сўзи”
Тошлоқ туманининг “Хонариқ” маҳалла фуқаролар йиғинида 4294 нафар аҳоли истиқомат қилади. Деҳқончилик маҳалланинг драйвери сифатида танланган бўлиб, миришкор томорқачилар сабзи етиштиришни яхши ўзлаштирганликлари сабабли йил сайин ундан мўл ҳосил ва мўмай даромад олишмоқда.

Айни пайтда маҳаллада етиштирилган маҳсулотни шу ернинг ўзида ташкил этилган музлатгичли омборхоналарда сақлаш ҳамда ички бозор эҳтиёжидан ортганини қиш – баҳор мавсумида экспорт қилиш йўлга қўйилган. Шу мақсадда жорий йилда хонариқликлар 638 гектар ерга сабзи экиб, 25 минг тонна ҳосил йиғиштириб олишни режалаштиришган.
Ўтган йили ҳудудда 22 минг тонна ҳосил йиғиб олиниб, унинг 10 минг тоннаси экспортга йўналтирилган эди. Ҳосилнинг асосий қисми Россия, Қозоғистон ҳамда Қирғизистон бозорлари ҳамда йирик савдо тармоқларига етказиб берилди.

Хайрулло Усмонов ҳудуддаги энг тажрибали деҳқонлар сирасига киради. У бу йил 8 гектар ерга сабзининг “Цилиндр” навини эккан бўлиб, бугунги кунда ҳосил йиғиштириб олинмоқда. Айни жараёнда 50 нафардан зиёд ишсиз оила вакиллари мавсумий юмушга жалб этилган.

— Сабзи даромади эвазига оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиб, 130 тонна сиғимга эга музлатгичли омборхона барпо этдик, — дейди Х. Усмонов. — Шунингдек, хонадонимиз томорқасида ташкил этилган мўъжазгина иссиқхонада лимон етиштирамиз. Лимончилик оиламизнинг қўшимча даромад манбаи ҳисобланади.
Бу йил оила аъзоларимиз билан бирга ўртача 30 тонна сабзи ҳосили олиш ва унинг салмоқли қисмини хорижга экспорт қилиш ҳаракатидамиз.
Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг