Хон атласим – менинг ғурурим

13:45 29 Сентябр 2023 Жамият
1918 0

Фото: “Халқ сўзи”

Хон атлас – неча юз йиллик тарихга эга матоларимиздан. Ўзлигимизни, ўзбеклигимизни эслатиб турувчи бу матодан тикилган либослар аёлларимизга, қизларимизга ўзгача жозиба, кўрк, чирой бағишлайди. Қизларимиздаги ҳаё, ибо атлас билан ўзаро уйғунлашиб, таърифига сўз ожиз манзара ҳосил қилади. Бу бежиз эмас. Ундаги ёрқин ранглар, жилвакор нақшлар она – табиатимиздан нусха олиб яратилган. Инсон эса табиатнинг ажралмас бир бўлагидир.

— Миллий қадриятларимиздан саналган бу матонинг “Марғилон атласи”, “Қора атлас”, ”Барги карам”, “Намозшомгул”, “Қора кўзим” каби нусхалари машҳур саналади,— дейди ҳунарманд Диловар Болтаева.— Улар нафақат гўзал ва жозибадор, балки киши саломатлиги учун ҳам фойдалидир. Чунки атласу адрасларимиз табиий ипакдан тайёрланади. Табиий ранглар воситасида бўялади.

Диловар опа туманимиздаги миллий қадриятлар бўй кўрсатиб турган сўлим манзил – “Нақшбанд” ҳунармандчилик марказида фаолият кўрсатади. Атлас, адрас, шойи матолардан миллий либослар тикади. Айнан шу масканда Оила ва хотин – қизлар бўлими ҳамда республика Маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси ҳамкорлигида “Хон атласим – менинг ғурурим” шиори остида тадбир ўтказилди. Юртимиз бўйлаб ташкил этилган “Хон атлас” фестивали доирасида уюштирилган бу маданий – маърифий тадбирда онахонлар, турли ёшдаги қизлар иштирок этишди. Ўзаро мулоқот чоғида миллий қадриятларимизнинг бир бўлаги саналган атласни асраб-авайлаш, ўзбекона кийиниш маданияти ҳақида сўз борди. Қатнашчилар матолардан либослар тикиш жараёни билан танишдилар, атласу адрас ҳақида атрофлича тушунчага эга бўлишди, миллий қадриятлар, урф-одатларимизга оид билимларини бойитдилар.

Феруза АККИЕВА,

Республика Маънавият ва маърифат маркази Бухоро туман бўлинмаси раҳбари.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер