Хивада янги меҳмонхона иш бошлади

13:10 11 Февраль 2025 Жамият
254 0

Одилбек ОДАМБОЕВ/«Халқ сўзи». Хоразм вилоятида туризм инфратузилмасини ривожлантириш дастурлари доирасида энг нозиктаъб сайёҳларнинг ҳам дидига мос келадиган замонавий меҳмонхоналар қуриш бўйича қатор янги лойиҳалар амалга оширилмоқда. Яқинда Хива шаҳри атрофидаги «Ғовук» кўли бўйида барпо этилган «Арда Хива» халқаро туризм мажмуасида яна бир янги меҳмонхона фойдаланишга топширилди. 276 ўринга мўлжалланган ушбу меҳмонхона 100 та хонадан иборат, халқаро стандартларга тўла жавоб беради. Меҳмонхона таркибида 180 ўринли ресторан ҳам фаолият кўрсатади. Мазкур лойиҳа учун 110 миллиард сўм миқдорида сармоя киритилган бўлиб, 200 та янги иш ўрни яратилди.

— Ўзбекистонда 2018 йилдан буён туризм соҳасида ҳамкорликда бир қатор лойиҳаларни амалга ошириб келяпмиз, — дейди туркиялик тадбиркор Уғур Жўшқин. — Тошкент, Самарқанд, Бухоро шаҳарларида меҳмонхоналар қурилишида иштирок этдик. Хивада ҳамкорларимиз билан биргаликда барпо этилган ушбу меҳмонхона ўзига хос миллий дизайни ва қулайликлари билан ажралиб туради. Хивага келаётган сайёҳлар оқими йилдан йилга ортиб бормоқда. Бу эса шаҳарда меҳмонхона хўжалиги энг даромадли бизнесга айланишидан дарак беради.

— Ўзбекистонга иккинчи бор келишим, — дейди россиялик сайёҳ Людмила Клюско. — Бу мўъжизакор ўлкага бундан 30 йил муқаддам саёҳат қилган эдим. Ўтган давр мобайнида юз берган ўзгаришларни кўриб ҳайратга тушдим. Хивада янги очилган меҳмонхонанинг илк меҳмони бўлганимиздан жуда хурсандмиз. Очиғи, ҳар бир сайёҳнинг орзусидаги гўзал қўналға бўлибди.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, «Арда Хива» халқаро туризм мажмуасида мазкур меҳмонхонадан ташқари яна 800 ўринли 4 та меҳмонхона ва 13 та меҳмон уйлари барпо этилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер