Хивада Конфессиялар ишлари кенгашининг сайёр йиғилиши ўтказилди
Фото: Ислом цивилизацияси маркази Ахборот хизмати
Хива шаҳрида Дин ишлари бўйича қўмита ҳузуридаги Конфессиялар ишлари кенгашининг сайёр йиғилиши бўлиб ўтди. Ислом цивилизацияси маркази Ахборот хизмати хабарига кўра, йиғилишда юртимизда расмий фаолият юритаётган 16 та диний конфессия вакиллари иштирок этди.
Кенгаш 2004 йилда ташкил этилган бўлиб, 2018 йилдан бошлаб унинг таркиби кенгайди. Бугунги кунда кенгаш таркибига барча диний конфессиялар вакиллари киритилган бўлиб, аъзолар сони 17 нафарга етган.
Йиғилишда илк бор Кенгаш аъзолари билан бир қаторда Республика парламенти, вазирлик ва идоралар ҳамда турли ташкилот вакиллари ҳам кузатувчи сифатида иштирок этди. Шунингдек, унда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори ўринбосари Фирдавс Ҳалимов ҳам қатнашди.
Кенгаш республикадаги барча диний конфессиялар фаолиятини мувофиқлаштирувчи маслаҳат органи бўлиб, унинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
- давлат, диний конфессиялар ва турли динларга эътиқод қилувчи фуқаролар ўртасида доимий ва самарали мулоқотни ўрнатиб бориш;
- мамлакатдаги барча диний конфессияларнинг орасида ўзаро ҳурмат ва ижтимоий тотувликни янада мустаҳкамлаш;
- жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий мавқеидан қатъи назар аҳоли ўртасида ўзаро тушуниш ва диний бағрикенглик ғояларини кенг тарғиб қилиш;
- фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш, конфессиялараро тотувлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга кўмаклашиш.
Сўнгги йилларда Кенгаш йиғилишлари мамлакатнинг турли ҳудудларида сайёр шаклда ўтказилмоқда. Бу эса конфессиялар ўртасида самарали мулоқотни йўлга қўйиш ва жамиятда ҳамжиҳатликни кучайтиришда муҳим қадам бўлмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг